Сўхда мижозларнинг пластик картасидан жами 150 млн сўм ўғирлаган банкир қўлга олинди

Фарғона вилояти Сўх туманида акциядорлик тижорат банкларидан бирининг филиали ходими мижозларнинг жами 150 миллион сўмдан ортиқ пулини ўғирлагани аниқланди. Бу ҳақда Жиноят ишлари бўйича Фарғона туман судининг раиси Фарруҳ Абдураимов хабар берди. 

Хабарга кўра, плас­тик карталар шўъбаси 1-тоифали мутахассиси бўлиб ишлайдиган ходим ўғриликни мижозларниг паспорт маълумотларидан фойдаланиб, янги пластик карточка очиш ва пулларни ўша картага ўтказиш йўли билан амалга оширган. Айрим мижозлар пластик карточкасида пули йўқолиб қолаётганидан шикоят қилиб келгач, мутахассис айбини тан олган. Шундан сўнг филиал бошқарувчисининг хабарига асосан мазкур ҳолат юзасидан банкнинг Фар­ғона вилоят бошқармаси томонидан текшириш ўтказилган. Маълум бўлишича, 2017 йил март ойидан 2019 йил июль ойига қадар  жами 60 нафардан ортиқ мижознинг иш ҳақи, пенсия ва нафақаларидан иборат 102 060 937 сўм пулларни талон-торож қилгани аниқланган.

Маълум қилинишича, мутахассиснинг яқинлари келтирилган зарарни қоплаб берган. Аммо банкнинг вилоят бошқармаси ҳам, туман филиали раҳбарлари ҳам бу ҳақда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга хабар бермаган. Мутахассис филиалнинг кадрлар бўлимига ишга ўтказилган.

У кадрлар бўлимида ҳам ўғирликни давом эттириб, 2019 йил 5 ноябрга қадар яна 5 нафар мижознинг 31 824 127 сўм пул маблағини талон-торож қилган. Оқибатда унинг электрон ўғрилиги миқдори 150 миллион сўмдан ошиб кетган. Шундан кейингина жабрланувчиларнинг мурожаати асосида мутахассисга нисбатан жиноят иши қўзғатилган. Айбдор тергов жараёнида ўзи келтирган зарарларни қоплаган.

Жиноят ишлари бўйича Фарғона туман суди уни Жиноят кодексининг 169-моддаси 3-қисми «а» банди билан айбдор деб топди. Асосий жазога қўшимча равишда унинг молия-банк фаолияти билан шуғулланиши ва тизимга ишга жойлашиши чекланди.

Аввалроқ Самарқандда 1 миллиард 250 миллион сўмдан ортиқ маблағни талон-торож қилган мансабдор шахслар аниқланган эди. Шунингдек, Ўзбекистон «Меҳр-шафқат ва саломатлик» жамғармаси мансабдорлари 2,8 миллиард сўмни талон-торож қилгани фош этилгани хабар қилинган эди. Кейинчалик ШҲТнинг Самарқанд саммитига ажратилган пуллардан 7,4 миллиард сўмдан ортиғи талон-торож қилингани фош бўлганди.

Янгиликлар