Танзила Норбоева Тўрақўрғонда кўприк ва қишлоқ врачлик пунктининг таъмирлаш ишлари билан танишди

Сенат Раиси Танзила Норбоева 2 октябрь куни Наманган вилояти Тўрақўрғон туманига ташриф буюрди. Бу ҳақда Сенат ахборот хизмати хабар берди.

Фото: Сенат ахборот хизмати

Хабарга кўра, Танзила Норбоева 2020—2022 йилларда Тўрақўрғон туманини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш ва камбағалликни қисқартириш чора-тадбирлари ижросини таъминлаш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳолати билан танишган. Жумладан, у Жанжалсой устидан ўтувчи автомобиль кўпригини капитал реконструкция қилиш лойиҳасини кўздан кечирган.

Фото: Сенат ахборот хизмати

Ҳукумат қарорига мувофиқ, Жанжалсой кўпригини реконструкция қилиш учун жами 766 миллион сўм маблағ ажратиш кўзда тутилган. Сенат раиси ҳозирда реконструкция ишлари жадаллик билан олиб борилаётганини кўрган. Мутасаддиларга бу жаарёнда сифат биринчи ўринда бўлиши кераклиги, молиялаштириш жараёнини тезлаштириш юзасидан кўрсатмалар берган.

Шундан сўнг Сенат раиси Тўрақўрғон тумани «Узумзор»  маҳалласига ташриф буюрди.

Фото: Сенат ахборот хизмати

Ўзбекистон Президентининг 2017 йил 29 мартдаги «Ўзбекистон Республикасида бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасалари фаолиятини ташкил этишни такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори асосида «Соҳилобод» қишлоқ врачлик пункти фаолияти тугатилган. Ҳозирда мазкур пункт жойлашган «Узумзор» ва «Соҳилобод» маҳаллаларида аҳоли сонининг кўпайиши натижасида тиббиётга бўлган эҳтиёж ва аҳоли томонидан мурожаатларнинг ортиши сабабли «Соҳилобод» қишлоқ врачлик пунктининг фаолиятини қайта тиклаш ва мукаммал таъмирлаш юзасидан Тўрақўрғон тумани дастурининг 2022 йилда бажариш қисмига киритилган. Шунга кўра, фаолияти йўлга қўйиладиган «Соҳилобод» қишлоқ врачлик пунктини ҳамда амалда фаолият юритиб келаётган «Хўжанд» қишлоқ врачлик пунктини мукаммал таъмирлаш учун ажратилган маблағларни 2021 йилга ўтказиш масалалари муҳокама қилинди.

Таъкидланишича, ҳозирда маҳаллий аҳоли «Файзиобод» оилавий поликлиникасига қатнашига тўғри келмоқда. Бироқ бу туман марказидан 18 километр, давлат тиббиёт муассасаларидан қарийб 5 километр узоқликда жойлашгани сабабли бир қанча муаммоларни туғдирмоқда.

Сенат раиси мазкур масаланинг кўриб чиқилиши, аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш борасида устувор аҳамият қаратиш зарурлигини таъкидлади. Шунингдек, ҳудудда бу борада қилиши керак бўлган ишларга урғу берди.

«Пандемия бу бошқа касалликлар билан курашмаслик дегани эмас. Айниқса, бугунги кунда диспансер назоратида бўлганлар, сурункали касалликлари бор шахслар билан мунтазам шуғулланиб бориш керак. Оналик ва болаликни муҳофаза қилиш, туғма ногиронлик ва эрта туғруқнинг олдини олиш, энг муҳими, буларнинг сабаби билан ишлаш мақсадга мувофиқ. Қолаверса, никоҳланувчи шахсларнинг тиббий кўрикдан ўтиши ҳақидаги меъёрий ҳужжат бугунги кун талабларига тўлиқ жавоб берадими, бу борада қандай ишларни амалга ошириш кераклиги юзасидан таклиф ва тавсияларни бериш зарур. Яна бир жиҳат, овқатланиш маданияти, соғлом турмуш тарзига риоя қилиш зарурлигига эътибор қаратиш керак. Бу борада аҳоли орасида тарғибот ишларини олиб бориш ҳам муҳим аҳамиятга эга. ‘Репродуктив саломатлик тўғрисида’ги қонунда мактаб давриданоқ жинсий тарбия тўғрисида билим берилиши ҳақида келтирилган. Бироқ бугун бу борада тегишли вазирликлар томонидан ҳеч қандай ишлар амалга оширилмаяпти. Миллий менталитетдан келиб чиққан ҳолда қизларга алоҳида, ўғил болаларга алоҳида бу борада дарслар бериш мумкин. Умуман, аҳоли саломатлигини асраш, соғлом турмуш тарзи бўйича Тўрақўрғон тумани республикада биринчи бўлиши керак», — дейди Танзила Норбоева.

Фото: Сенат ахборот хизмати

Шунингдек, Сенат раиси тумандаги «Турсунбой Комилов» фермер хўжалигида бўлиб, пахта даласида пахта тераётган теримчилар билан суҳбатлашган ҳамда уларга эсдалик совғалар топширган. 132 гектар ер майдонига пахта эккан ушбу фермер хўжалиги 2020 йилда 580 тонна пахта топшириши режалаштирилган. Хабарда ҳозиргача 540 тонна пахта терилгани маълум қилинган.

Аввалроқ Тўрақўрғонда 2,5 триллион сўмдан ортиқ лойиҳа амалга оширилиши натижасида қарийб 4 мингта иш ўрни яратилиши ва туманда «темир дафтар»га киритилган 900 тадан ортиқ оила камбағалликдан чиқарилгани хабар қилинган эди.

Янгиликлар