Тойлоқда газ ва электр энергияси учун қарздор аҳолидан 10 млн сўмдан ортиқ қарздорлик ундирилди
Самарқанд вилояти Тойлоқ туманида 30 сентябрь куни ўтказилган рейд тадбирларида аҳолидан газ ва электр энергияси учун 10 миллион сўмдан ортиқ қарздорлик ундирилган. Бу ҳақда туман ҳокимлиги матбуот хизмати хабар берди.
Хабарда айтилишича, Тойлоқ туманида электр энергияси ва табиий газ тўловини ўз вақтида тўламаган фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг қарздорлигини ундириш бўйича сектор раҳбарлари бошчилигидаги ишчи гуруҳ тузилган.
Хусусан, 1-сектор раҳбари туман ҳокими «Нурли йўл» маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидаги Бахштепа ва Қундузак қишлоқларида бўлиб, 10 дан зиёд қарздор хонадон эгалари билан суҳбатлашган. Натижада 10 миллион сўмдан ортиқ қарз ундирилган. Истеъмол қилинган газ ва электр энергияси тўловини тўлашни хоҳламаган айрим фуқароларнинг хонадони вақтинча тармоқдан узиб қўйилган.
Ишчи гуруҳ аъзоларининг айтишича, қарздорлиги юқори бўлган истеъмолчиларнинг аксарияти ўзига тўқ, тўлов қобилиятига эга фуқаролар ҳисобланади. Шунингдек, рейд давомида электр энергияси ва табиий газни исроф қилмаслик, тўловни вақтида тўлаш бўйича тарғибот ишлари олиб борилган.
Аввалроқ Пастдарғомда қарздорлиги бўлган 10 дан ортиқ хонадон газ ва электр тармоғидан узилгани ҳамда Самарқанд ҳокими шаҳар, туман ҳокимлари ва электр тармоқлари раҳбарлари билан йиғилиш ўтказгани ҳақида хабар берилганди.