Пастдарғомда қарздорлиги бўлган 10 дан ортиқ хонадон газ ва электр тармоғидан узилди (видео)

Самарқанд вилояти Пастдарғом туманида қарздорлиги бўлган ўндан ортиқ хонадон газ ва электр тармоғидан узилди. Бу ҳақда туман ҳокимлиги ахборот хизмати хабар берди.

Хабарга кўра, аҳоли ўртасида газ, электр энергиядан ўз вақтида тўланмаган қарздорликни аниқлаш, уни бартараф этиш бўйича Пастдарғом туманида тарғибот тадбирлари олиб борилган. Бунинг учун сектор раҳбарлари, корхона ва ташкилот мутасаддилари тегишлилиги бўйича ҳудудларга бириктирилган.

Қайд этилишича, туман ҳокимининг биринчи ўринбосари Умиджон Назаров бошчилигидаги ишчи гуруҳ табиий газ, ҳамда электр энергиясидан мавжуд қарздорликни бартараф этиш мақсадида туманнинг «Бўстон» ҳамда «Пўлатчи» маҳаллаларини ўрганган. Қарздорлиги бўлган хонадонлар тўловни амалга ошириш бўйича огоҳлантирилганлигига қарамай, айрим хонадон эгалари қонунда белгиланган мажбуриятни бажармай келаётгани аниқланган. Ўрганиш давомида қарздорликни ўз вақтида тўламаган ўндан зиёд хонадон белгиланган тартибда табиий газ ҳамда электр энергияси тармоғидан узилган.

Аввалроқ «Ҳудудгазтаъминот» Андижонда «ақлли» газ ҳисоблагич портлаганига изоҳ бергани, Когондаги еттита корхона газ таъминотига салкам 519 миллион сўмдан ортиқ зарар етказгани аниқлангани ҳақида хабар қилинганди.

Янгиликлар