Тойлоқдаги 2 та қишлоқда 601 млн сўм эвазига сув иншоотлари қуриб битказилди

Самарқанд вилояти Тойлоқ туманидаги Давлатобод ва Узунқишлоқ ҳудудларида 601 миллион сўмга янги сув иншоотлари қурилиб, аҳоли хонадонларига сув тармоғи тортилди. Бу ҳақда туман ҳокимлиги ахборот хизмати хабар берди.

Фото: Тойлоқ туман ҳокимлиги ахборот хизмати

Қайд этилишича, 2019–2020 йилда туманда аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлаш, сув иншоотларини қуриш, реконструкция қилиш ишларига республика ва маҳаллий бюджет ҳамда Самарқанд вилояти Ободонлаштириш ва фаровонликни ошириш жамғармаси маблағлари ҳисобидан қарийб 7 миллиард сўм ажратилган.

Жумладан, 2019 йилда «Обод қишлоқ» давлат дастури асосида «Навбаҳор», «Олмазор» ва «Хўжақишлоқ» маҳаллаларида янги сув иншооти қурилиб, аҳоли тоза ичимлик суви билан таъминланган. Шунингдек, Давлатобод қишлоғида ҳам 421 миллион сўм маблағ эвазига янги сув иншооти қурилган ва аҳоли хонадонларига сув тармоғи тортилган.

Бундан ташқари, 2020 йилда Самарқанд вилояти ободонлаштириш ва фаровонликни ошириш жамғармаси маблағлари ҳисобидан туманнинг Узунқишлоқ, Сочакипоён, Сочак, Шохкаш, Бачки, Халқобод, Тўёқли қишлоқларида сув иншоотлари қурилган. Биргина Узунқишлоқда сув иншооти қуриш ва сув тармоғини тортиш учун 380 миллион сўм пул ажратилган. Бугунги кунда қурилиш-монтаж ишлари якунланган. Тумандаги 13 та сув миноралари реконструкция қилинган.

Аввалроқ Ургутда аҳолини сутка давомида тоза ичимлик суви билан таъминловчи тақсимлаш ва тозалаш иншоотлари қурилиши ва Наманган шаҳридаги сув тармоғида юзага келган носозлик бартараф этилгани ҳақида хабар берилган эди. Кейинчалик Намангандаги оқова сув тозалаш иншоотини қуриш тендерида 23 та хорижий компания қатнашиши ҳамда Ўзбекистоннинг уч ҳудудида сув тежовчи технологиялар учун ускуналар ишлаб чиқарувчи корхоналар ташкил этилиши маълум қилинди.

Янгиликлар