Депутат Тойлоқда «темир дафтар» рўйхатини нотўғри шакллантирган масъулларга нисбатан чора кўришни таклиф қилди

Самарқанд вилояти Тойлоқ туманида 27 август куни халқ депутатлари туман кенгашининг навбатдаги XI сессияси бўлиб ўтди. Бу ҳақда туман ҳокимлиги ахборот хизмати хабар берди.

Фото: Тойлоқ тумани ҳокимлиги ахборот хизмати

Маълум қилинишича, сессияда туман ва вилоят кенгаши депутатлари, туман ҳокими ўринбосарлари, сектор раҳбарлари, мактаб директорлари, маҳалла раислари, корхона, ташкилот раҳбарлари ҳамда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Наврўз Ризаев иштирок этган.

Фото: Тойлоқ тумани ҳокимлиги ахборот хизмати

Қайд этилишича, сессия аввалида Наврўз Ризаев ўз нутқида «темир дафтар»га киритилган аҳоли қатламига ажратилаётган моддий ёрдам ва озиқ-овқат маҳсулотларини манзилли етказиб беришни қаттиқ назорат қилиш, бу борада аҳоли орасида норозилик кайфияти шаклланишига сабаб яратмаслик кераклигини таъкидлаган.

Фото: Тойлоқ тумани ҳокимлиги ахборот хизмати

Сўнгра сессия кун тартибига киритилган қуйидаги масалалар бўйича ахборот берилган:

  • Тойлоқ туманида аҳолининг эҳтиёжманд қатламини қўллаб-қувватлаш, тадбиркорликни ривожлантириш, бюджет даромадларини ошириш ва хорижда меҳнат қилган ишсиз фуқароларни ишга жойлаштириш борасида амалга оширилаётган ишлар тўғрисида;
  • Тойлоқ тумани мактабларида коронавирус пандемияси шароитида 2020/2021 йилги ўқув йилини бошлаш тартиблари тўғрисида.

Сессия сўнгида депутат Наврўз Ризаев «темир дафтар» рўйхатини шакллантиришда хатоликка йўл қўйган масъулларга нисбатан чора кўришни таклиф қилган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Самарқандда яна 5613 та оила «темир дафтар»га киритилгани ҳақида хабар берилган эди. Шунингдек, Янгиқўрғонда фуқароларга қўпол муносабатда бўлган профилактика инспекторига ҳайфсан берилгани маълум қилинди.

Янгиликлар