Тошкентда Фарғона йўли кўчасининг бир қисми вақтинча ёпилади
Йўл таъмирлаш ишлари сабабли 31 декабрга қадар Фарғона йўли кўчасининг Ёнғин-қутқарув қисми ҳаракатланиш учун қисман ёпилади. Бу ҳақда Тошкент шаҳар ҳокимлиги матбуот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, Нукус кўчаси ва КХАЙ томонидан Ёнғин-қутқарув қисми («Ўзбек қоғози» ОАЖ) йўналишида ҳаракатланаётган автотранспорт воситалари оқими Қўшкўприк кўчасига йўналтирилади. «Ўзбек қоғози» ОАЖ томонидан КХАЙ ва Нукус кўчалари йўналишида кетаётган автотранспорт воситалари оқимининг ҳаракати ўзгаришсиз қолади.
«Тирбандликларнинг олдини олиш мақсадида ҳайдовчиларга вақтинча айланма йўллардан фойдаланишни тавсия қиламиз. Ноқулайликлар учун узр сўраймиз!» дейилади ҳокимлик хабарида.
Аввалроқ Фарғона вилояти Ўзбекистон тумани марказидаги айрим йўллар 28 сентябрдан ёпилгани маълум қилинганди. Шунингдек, Фарғона вилоятини Андижон вилояти билан боғловчи Қува–Асака, Шаҳрихон–Қува, Марҳамат-Қува йўли 26 сентябрдан бошлаб очилгани хабар қилинди.