Уйда даволанаётган бемор уйни тарк этса, ўша уйда неча кунгача коронавирус яшайди? Мутахассис жавоб берди

Коронавирусга қарши курашиш штаби аъзоси Ботир Қурбонов уйда даволанаётган бемор уйни тарк этса, ўша уйда неча кунгача коронавирус яшаши, инфекцияни йўқ қилиш учин қандай дезинфекция қилиш мумкинлиги ҳақида маълумот берди.

«Илмий тадқиқодлар шуни кўрсатдики, коронавируснинг нарса-буюмлар сиртида, юза қисмларда ўртача яшаш даври 2 соатдан 8–10 кунгача. Касаллик аниқланган уйда дезинфекция тадбирларини ташкиллаштириш зарур. Бу борада касаллик аниқланган уйда ҳудудий санэпидхизмат ходимлари томонидан маълумот дезинфекция бригадаларига етказилади ва улар томонидан ўчоқли дезинфекция тадбирлари амалга оширилади.

Қолаверса, хонадонда яшовчилар ўзлари ҳам уй шароитида дезинфекция тадбирларини ўтказиши мумкин. Дезинфекция дейилганда нафақат хлорли воситалар, балки хоналарни тез-тез шамоллатиш, нам тозалов ишларини олиб бориш тавсия этилади. Албатта, бундай тадбирларни ўтказишда шахсий ҳимояга эътибор берилиши зарур», — дейди мутахассис.

Аввалроқ Европа Иттифоқи Ўзбекистонга коронавирусга қарши курашиш учун 2 миллион евро ажратгани, Хитой коронавирусга қарши оммавий тарзда эмланишни бошлагани ҳақида хабар берилганди.

Янгиликлар