Шамоллаш белгилари кузатилганда қандай даволаниш тавсия этилади? Мутахассис жавоб берди

Коронавирусга қарши курашиш штаби аъзоси Наргиза Нуруллаева шамоллаш белгилари мавжуд, аммо касалликнинг жиддий белгилари кузатилмаган ҳолларда қандай даволаниш кераклиги ҳақида тавсиялар берди.

Кадр: YouTube

Мутахассис бундай ҳолларда, биринчи навбатда, суюқлик ичиш лозимлигини таъкидлади.

«Биринчи навбатда, кўп суюқлик ичиш керак, бу барча учун умумий тавсия ҳисобланади. Ҳар қандай вирус инфекциясида интоксикация кузатилади, кўп миқдорда суюқлик ичиш эса организмдан токсинларни чиқиб кетишига ёрдам беради», — дейди штаб аъзоси.

Шунингдек, шамоллаш аломатлари кузатилганда таркибида витаминлар мавжуд цитрус мевалар ва сабзавотлар, бундан ташқари, витамин С қабул қилиш фойда бериши қайд этилди. Касаллик даврида иштаҳа пасайишига қарамасдан, организмни заифлаштирмаслик учун яхши овқатланиш тавсия этилди.

Мутахассиснинг сўзларига кўра, мева ва сабзавотлардан ичиш учун аралашмалар, масалан, смузилар тайёрлаб ичиш иммунитетни мустаҳкамлашга олиб келади.

Аввалроқ гриппга қарши вакцина коронавирусдан ҳимоя қилиш ёки қилмаслиги ҳақидаги саволга мутахассис жавоб берган эди. Шунингдек, Ўзбекистонда аҳолини сентябрдан бошлаб грипп ва пневмонияга қарши эмлаш бошланиши, мамлакатдаги барча умумий ўрта таълим муассасалари ходимлари 1 октябрга қадар гриппга қарши эмланиши, мактабга борадиган болаларнинг вакцина олиш ёки олмаслигини шифокор белгилаши ҳақида хабар берилган эди.