Янгиободдаги бозор директорининг ўзлаштирган пулларига 5 хонали квартира ва «Trailblazer» сотиб олгани аниқланди
Бош прокурор Ниғматилла Йўлдошев коррупцияга қарши курашиш масалаларига бағишланган идоралараро йиғилишда Тошкент шаҳрида 5 хонали квартира ва «Trailblazer» сотиб олган «Янгиобод ихтисослашган бозори» директорининг ноқонуний орттирган маблағларини нимага сарфлаганини маълум қилди. Бу ҳақда «Tez News» мухбири Шоҳруҳ Ҳайдаров хабар берди.
Таъкидланишича, у муқаддам савдо ва бозор соҳаларида ишлаб, бир неча маротаба судланган. Сўнгги бор «Сергели деҳқон бозори» директори лавозимида ишлаганда содир этган суиистеъмолчиликлари ва талон-торожликлар учун 2016 йилда суд ҳукми билан жазоланган.
Бош прокурорнинг сўзларига кўра бозор директори И. 2019 йил февраль ойида яна «Сергели деҳқон бозори» директори лавозимига тайинланиб, ўша йилнинг апрель ойидан эса «Янгиобод ихтисослашган бозори» директорлигига ўтган. У бозорга шахсий мулки сифатида қараб, тушумларни ва бозор мулкини талон-торож қилиш билан шуғулланиб келган. Шунингдек, атрофига ўзига хайрихоҳ шахсларни тўплаб, қисқа муддатда 2,7 миллиард сўмлик тушум пулларини ўмаргани, 919 миллион сўмлик солиқдан бўйин товлагани ва бозорда 124 та ноқонуний қурилма қурдиргани аниқланган.
«Талон-торож қилган пуллардан қарийб 740 миллион сўмини легаллаштирган, жумладан, 340 миллион сўмга 5 хонали квартира, 200 миллион сўмга ‘Trailblazer’ автомашинасини сотиб олган. Бундай талон-торожлик оқибатида бозор ўта аянчли ҳолатга келиб қолган», — деди Ниғматилла Йўлдошев.
Маълум қилинишича, И. «Сергели деҳқон бозори», «Фарҳод деҳқон бозори» ҳамда «Авиасозлар деҳқон бозори»га ўзига яқин шахсларни лавозимга ўтказишга эришиб, ушбу бозорларга ҳам ўзи норасмий раҳбарлик қилган. Ҳозирда директор қатор коррупциявий жиноятларни содир этишда айбланиб, унга нисбатан тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.