Жомбойда 2020 йил охиригача 50 та мактабда интернет хизмати йўлга қўйилади

Самарқанд вилояти Жомбой туманида 2020 йил охиригача 50 та мактабда интернет хизмати йўлга қўйилади. Бу ҳақда туман ҳокимлиги матбуот хизмати хабар берди.

Фото: Жомбой туман ҳокимлиги матбуот хизмати

Маълум қилинишича, туманда «Ҳоким ва ёшлар» фоматидаги учрашувларнинг навбатдагиси 5-умумтаълим мактабида ўтказилган. Тадбирда «Саричашма», «Журият» ва «Нўш» маҳаллаларида яшовчи ўқувчи-ёшлар туман ҳокими билан юзма-юз мулоқот қилган.

Таъкидланишича, тадбир давомида ўқувчилар томонидан таклиф этилган таълим муассасаларини юқори тезликдаги интернет тармоғи билан қамраб олиш фикри туман ҳокими Қаюм Собиров томонидан қўллаб-қувватланган.

Фото: Жомбой туман ҳокимлиги матбуот хизмати

Маълумот учун, айни пайтда тумандаги 19 та мактабга оптик толали кабель орқали интернет хизмати мавжуд. Мазкур кўрсаткич 2020 йил охирига қадар 50 тагача етиши режалаштирилган. Ҳоким мазкур мурожаат қисқа фурсатда ҳал этилишини маълум қилган.

Тадбир давомида ёшларнинг тадбиркорлик фаолиятини бошлаш юзасидан қилган ўнга яқин мурожаатлари ҳам қабул қилинган. Шунингдек, 2 нафар ўқувчининг тадбиркорлик фаолиятини бошлаши учун имтиёзли кредит ажратилиши белгиланган.

Аввалроқ Андижоннинг ҳар бир туманида биттадан мактабларда АКТ хоналари ташкил этилгани ҳақида хабар берилган эди. Бундан ташқари, Тойлоқда Ахборот-кутубхона маркази ташкил этилиши ҳамда Нурободда талаба бўлган 15 нафар мактаб битирувчиси тақдирлангани маълум қилинди.

Янгиликлар