«Россияга қайтишим учун 4,5 минг доллар таклиф қилишди». Ўзбекистонлик дастурчи даромади ҳақида гапирди

Ўзбекистонлик дастурчи Aкмал Кадиров компаниялардан бири унга Россияга қайтиш учун 4,5 минг доллар таклиф қилгани, лекин у бу таклифни рад этганини айтди. Бу ҳақда дастурчи «IntervyuTV»га гапириб берди.

Унинг сўзларига кўра, мазкур компания тахминан 1 ҳафтача олдин унга 4,5 минг доллар ойликка ишлашни таклиф қилган. Лекин дастурчи бу таклифни рад этган.

«Менга битта компания куни кеча, 1 ҳафта бўлди ё бўлмади, Россияга қайтишим учун ойига 350 минг рубль, яъни 4,5 минг доллар таклиф қилди. Лекин мен буни рад этдим», — дейди Кадиров.

Шунингдек, у дастурчиларга энг кўп ойлик тўлайдиган давлат Россия эканлигини таъкидлади:

«Бир нарсани айтиш керакки, бутун Европани олиб қарайдиган бўлсак, Россия ростан ҳам дастурчиларга катта пул беради. Россиядагичалик катта пул берадиган компания ҳам йўқ. Россия билан фақатгина Германия, Голландия ва Кипр рақобатлашиши мумкин. Шунда ҳам Россиядан кўп беради демаяпман, шунчаки рақобатлаша олади. Тахминан мана шу давлатларда ойликлар бир хил. Бошқа давлатларда, жумладан, Ўзбекистонда ҳам дастурчиларга кам ойлик берилади».

Аввалроқ Aкмал Кадиров Россиядаги банкни қандай қилиб бузгани ҳақида гапириб берган эди. Унинг сўзларига кўра, дастурчилар энди иш бошлаган вақтларида бузғунчилик қилиб кўришни яхши кўради. У ҳам мактабни битирган вақтларида, тахминан 2006 йилда, шундай бузғунчилик қилган.

Ҳаёт