«Ҳаммамиз рўмол ўрашга муносиб бўлайлик». Хонанда Манзура «ҳижобга киргани» ҳақидаги фикрларга изоҳ билдирди
Хонанда Манзура Instagram’да муҳокамаларга сабаб бўлаётган «ҳижобга киргани» ҳақидаги фикрларга изоҳ билдирди.
Хонанда ўзининг Instagram саҳифасига жойлаштирган сурати остида мухлислари томонидан берилган «Вақтинчалик ўрандингизми ёки умрингиз охиригачами? Лекин ярашибди, ечманг. Аёл кишига рўмол жуда ярашади. Аллоҳ ҳамма аёллар қалбига солсин ҳижоб, иффат, ибодатни. Жуда ҳам ярашибди, Манзурахон» қабилидаги изоҳларга жавоб берган.
«Ўртоқлар, ассалому алайкум. Рўмол ўрашга мен тайёр бўлишим керак. Рўмол бу — муслима аёлнинг ҳақиқатан ҳам тақводорлигининг, Аллоҳнинг сўзига бефарқ бўлмаганининг белгисидир. Кўпчилик рўмол ўрайдию, аммо юриш-туриш, ҳаёт тарзи ўша-ўша. Шу ҳолатлар менга ҳам маъқул эмас. Илоҳим, ҳаммамиз рўмол ўрашга муносиб бўлайлик. Шунчаки халққа яхши кўринишга эмас, Аллоҳдан ҳаё қилиб, унинг сўзига бепарво бўлмаганимиздан рўмолни ўраб, муслима аёлларга мос амалларни ҳам бажариб юрайлик.
Раҳмат изоҳлар учун. Ҳаммамизага — сизга ҳам, менга ҳам Аллох назар солсин. Унинг назаридан бир сонияга ҳам колмайлик. Худо хоҳласа, рўмол ўраш ҳам насиб қилсин. Шу рўмолга амалларимиз билан муносиб аёл булайлик», — дейди хонанда.
Шунингдек, хонанда бошқа бир расми остида мазкур образ «Тангрим» номли қўшиғига кўриниши мос келиши кераклиги учун яратилганини айтган.
Аввалроқ Муниса Ризаева кийинишини танқид қилган Аброр Мухтор Алий билан судлашмоқчи бўлгани ҳақида хабар берилган эди.