Андижонда Силга қарши курашиш диспансери биносини «ноль» қийматда харид қилиб, бинони бузиб юборган шахс аниқланди
Бош прокуратура биносида 7 ноябрь, шанба куни коррупцияга қарши курашиш масалаларига бағишланган идоралараро йиғилишда Андижон вилоят ҳокимлиги мутахассиси Қ.А. сохта ҳужжатлар орқали Шаҳрихон туман Силга қарши курашиш диспансер биносини «ноль» қийматда харид қилгани маълум қилинди. Бу ҳақда йиғилишда иштирок этган «Tez News» мухбири хабар берди.
Маълум бўлишича, мутахассис Қ.А. муқаддам судланган 2 нафар шахс билан тил бириктириб, ушбу ҳолатни содир этган. Кейинчалик бинода ҳеч қандай тадбиркорликни йўлга қўймасдан, бино бузиб юборилган. Қурилиш материалларини 760 миллион сўмга сотиб юборган.
Шунингдек, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги тизимидаги 57 нафар ходим турли коррупциявий жиноятлари учун жавобгарликка тортилгани аниқланган.
Аввалроқ Данғара туман Давлат солиқ инспекцияси раҳбари салкам 270 миллиард сўмни қалбакилаштиргани аниқланганди. Шунингдек, Ўзбекистонда иқтисодий соҳада 2019—2020 йилларда 2,5 мингга яқин коррупционер мансабдорлар жавобгарликка тортилгани хабар қилинганди.