Ангрен ҳудудига келиб қолган қўнғир айиқ отиб ўлдирилмагани маълум бўлди
Тошкент вилояти Ангрен шаҳрида 1 ноябрь, якшанба куни отилган халқаро «Қизил китоб»га киритилган айиқ тирик эканлиги маълум бўлди.
Таъкидланишича, 1 ноябрь куни ижтимоий тармоқларда Тошкент вилояти Ангрен шаҳар, «Навбаҳор» маҳалласи, Дукент қўрғонида айланиб юрган айиқ тўғрисида тарқалган хабар юзасидан Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасидаги назорат бўйича инспекцияси инспекторлари томонидан ўрганиш ишлари олиб борилди.
«Ижтимоий тармоқларда тарқалган фотосуратлардаги фуқаролар шахсига аниқлик киритиш мақсадида тегишли ҳужжатлар ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига тақдим этилди. Суриштирув натижалари бўйича маълумотлар қўшимча тарзда маълум қилинади», — дейилади қўмита хабарида.
Тошкент вилояти Ички ишлар бош бошқармаси матбуот котиби Бобур Тўлаганов эса «Ўзбекистон 24» телеканали «Факт 24» дастури орқали отиб қўйилгани айтилган қўнғир айиқ ҳақидаги хабар ҳақиқатдан йироқлигини, айиқ отилмаганини маълум қилди.
«Бугун, 2 ноябрь куни интернет тармоқларида Ангрен шаҳри Дукент қўрғонида жойлашган аҳоли яшаш пунктида айиқ юрганлиги ҳақидаги видеохабар тарқатилган эди. Ушбу ҳолат юзасидан шу вақтнинг ўзида фуқаролар хавфсизлигини таъминлаш мақсадида вилоят Ички ишлар бош бошқармаси 2-минтақавий ҳудуд пост-патруль хизмати ходимлари ва Ангрен шаҳар Ички ишлар бошқармаси томонидан ушбу айиқ ушланиб, хавфсиз жойга жойлаштирилган. Ҳозирда айиқ соғ-омон ва ходимлар қўриқловида. Эрта тонгдан уни ёввойи табиатга қайтариш режалаштирилган», — дея маълум қилди Бобур Тўлаганов ўзининг Теlegram’даги каналида.
Аввалроқ Тошкент вилояти Ангрен шаҳрида Ўзбекистон ва халқаро «Қизил китоб»га киритилган айиқ боласи 2 ноябрь куни отиб ўлдирилгани ҳақида хабар берилганди.