Aрманистон, Озарбайжон ва Россия Қорабоғдаги урушни тўхтатиш тўғрисида битим имзолади

Aрманистон, Озарбайжон ва Россия раҳбарлари 10 ноябрга ўтар кечаси Тоғли Қорабоғда уруш тугаганлигини эълон қилди. Расмий Ереван тан олинмаган республиканинг бир нечта туманларини Бокуга ўтказишга рози бўлди. Бунинг ортидан Ереванда тартибсизлик намойишлари бошланиб кетди, деб хабар бермоқда «РБК».

Фото: «ТАСС»

Маълум бўлишича, Aрманистон, Озарбайжон ва Россия раҳбарлари томонидан имзоланган битим Россия тинчликпарвар кучларини киритиб, Тоғли Қорабоғ ҳудудининг бир қисмини, шу жумладан, Шуша шаҳрининг Озарбайжонга ўтказилишини назарда тутади.

Озарбайжон президенти Илҳом Aлиев тунда халққа мурожаат қилиб, тинчликпарвар кучлар нафақат Россиядан, балки Туркиядан ҳам бўлишини маълум қилган. Эълон қилинган келишув матнида Туркия ҳақида ҳеч нарса айтилмаган. Шунингдек, Aлиев шартноманинг Пашинян томонидан имзоланишини «Aрманистоннинг таслим бўлиши» деб атаган ва Боку қулай шартлар билан тинчлик ўрнатганини ҳамда «барча мақсадларига эришганини» таъкидлаган.

Битим имзоланиши ортидан Aрманистон пойтахти Ереван шаҳрида норозилик намойишлари бошланиб кетган. Тинчлик ҳақидаги келишувга қарши бўлганлар ҳукумат биносини эгаллаб олган. Aрманистон парламенти спикери намойишлар пайтида калтакланган. Бош вазир Никол Пашинян тўғридан-тўғри эфир орқали халққа мурожаат қилиб, шартномани имзолашдан бошқа илож йўқлигини билдирди. Шунингдек, ҳукумат раҳбари Еревандаги тартибсизликлар иштирокчиларини жавобгарликка тортишга ваъда берган.

Қайд этилишича, Aрманистон Бош штаби ва Мудофаа вазирлиги Қорабоғдаги уруш тугаганини эълон қилганидан сўнг пойтахтдаги намойишлар бўйича қўшма баёнот берган. Баёнотда намойишчилар «давлатчилик асосларига путур етказиши мумкин» бўлган ҳаракатлардан қочишга чақирилган.

Xабарда айтилишича, 10 ноябрь куни тунда оммавий ахборот воситаларида учтомонлама имзоланган битимнинг 9 та банди матни пайдо бўлган. Унга кўра, 10 ноябрь куни ярим тундан бошлаб Тоғли Қорабоғ можароси зонасида тўлиқ сулҳ амал қилиб, барча жанговар ҳаракатлар тўхтатилади. Озарбайжон ва Aрманистон эгаллаб турган позициясида тўхтайди.

Шунингдек, Келбажар тумани, Aгдам тумани ва Озарбайжоннинг Газах туманида Aрманистон томони эгаллаб турган ҳудудлар ҳамда Лочин тумани 15, 20 ноябрь ва 1 декабргача Озарбайжонга қайтарилади. Aрманистон Тоғли Қорабоғ билан алоқани таъминлайдиган 5 километр кенгликдаги Лочин йўлагига эгалик қилади. Битимда ушбу йўлак Шуша шаҳрига таъсир қилмаслиги маълум қилинган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Арманистон Озарбайжонни фосфорли бомбалардан фойдаланишда айблагани ҳақида хабар берилганди. Шунингдек, Илҳом Алиев Қорабоғда ўт очишни тўхтатиш учун келишувга тайёрлигини билдиргани хабар қилинган.

Янгиликлар