Арманистонда ҳукумат раҳбарига нисбатан суиқасд ҳаракатининг олди олинди

Арманистон Миллий хавфсизлик хизмати (МХХ) мамлакат бош вазири Никол Пашинянга нисбатан суиқасд ҳаракатининг олдини олди. Бу ҳақда хавфсизлик хизматига таяниб, «РБК» хабар берди.

Фото: «primeminster»

Маълум қилинишича, суиқасд ҳукуматга қарши бўлган гуруҳ томонидан уюштирилган. Аниқланишича, гуруҳ Арманистон ҳукумати раҳбарини ўлдириб, ҳокимиятда ўзгариш қилиш ниятида бўлган. Арманистон Миллий хавфсизлик хизматининг собиқ раҳбари, «Родина» партияси етакчиси Артур Ванецян, собиқ депутат Ваҳрам Боғдасарян ва яна икки киши Никол Пашинянни ўлдиришга уринишда гумонланиб, ҳибсга олинган.

Вазирлик маълумотларига кўра, Сюник вилоятида яшовчи номаълум шахс кўп миқдорда қурол-яроғ, ўқ-дори ва портловчи моддаларни ноқонуний равишда сотиб олган. Кейин у Арманистон ва Тоғли Қорабоғ битимига қарши сиёсатчилар ва уларнинг тарафдорлари билан Пашинян ҳаётига суиқасд қилиш ва «ҳукуматни қўлга олиш» тўғрисида келишиб олган.

Хавфсизлик хизмати ходимлари гумонланувчиларни аниқлаган. Уларнинг ёнидан автоматлар, граната отиш мосламалари, телескопик кўринишга эга милтиқлар, патронлар, сигорталар, детонаторлар ва бошқа қуроллар топилган.

Мухолифат тарафдори «Родина» партиясининг етакчиси ва Миллий хавфсизлик хизмати собиқ директори Артур Ванецяннинг ҳибсга олингани ҳақида адвокати Лусине Саакян хабар берган. Ванецян давлат, сиёсат ёки жамоат арбоби ҳаётига суиқасд тайёрлаганликда ноқонуний қурол-яроқларни сотиб олиш ва сақлашда ҳамда ҳокимиятни эгаллашга уринганликда гумон қилинган. Артур бир гуруҳ мухолифат тарафдорлари билан бирга Пашинян томонидан имзоланган Тоғли Қорабоғ тўғрисидаги битимга қарши чиққан.

Никол Пашинян Озарбайжон раҳбари Илҳом Алиев ва Россия президенти Владимир Путин билан 10 ноябрга ўтар кечаси тан олинмаган Тоғли Қорабоғдаги ҳарбий ҳаракатларни тўхтатиш тўғрисида битим имзолаган. Шундан сўнг Ереван шаҳри марказида норозилик намойишлари бошланган. Намойишчилар парламент биносига бостириб кириб, унинг раҳбари Арарат Мирзоянни калтаклаган.

Арманистон бош вазири ҳужжат имзоланганини тушунтирар экан, мамлакатнинг бошқа иложи йўқлигини айтган. Унинг таъкидлашича, қарор ҳарбий вазиятни таҳлил қилиш асосида қабул қилинган ва армия сулҳ талаб қилиб, туриб олган.

Аввалроқ Озарбайжон президенти Илҳом Алиев Қорабоғда ўт очишни тўхтатиш учун келишувга тайёрлигини билдиргани ҳамда Арманистон, Озарбайжон ва Россия Қорабоғдаги урушни тўхтатиш тўғрисида битим имзолагани ҳақида хабар қилинган эди.

Шунингдек, Қорабоғдаги келишувдан томонлар нимани ютди ва йўқотгани бўйича асосий маълумотлар маълум қилинган. Кейинчалик Илҳом Алиев Озарбайжоннинг Тоғли Қорабоғдаги урушда ғалаба қозонганини эълон қилган.

Янгиликлар