Ўзбекистонда 175 та мактабда физика фани чуқурлаштириб ўқитиладиган синфлар очилади
«Физика соҳасидаги таълим сифатини ошириш ва илмий тадқиқотларни ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Президент қарори қабул қилинди.
Хабарга кўра, қарор билан 2021–2023 йилларда физика фанлари бўйича таълим сифатини ошириш ва физика соҳасидаги илмий тадқиқотларнинг натижадорлигини таъминлаш бўйича комплекс чора-тадбирлар дастури (Комплекс дастур) тасдиқланди.
Қайд этилишича, 2021–2022 йилларда босқичма-босқич республика ҳудудларида физика фанига ихтисослаштирилган жами 28 та таянч мактаби ташкил этилиб, уларга тегишли ОТМнинг кафедралари бириктирилади.
Шунингдек, 2021–2023 йилларда жами 175 та мактабда физика фани чуқурлаштириб ўқитиладиган синфлар ташкил этилади.
2021/2022 ўқув йилидан:
- умумий ўрта таълим муассасаларида физика фани кенгроқ ўқитиладиган вариатив ўқув режаси жорий қилинади;
- ихтисослаштирилган мактабларда физика фани таянч ўқув режада белгиланган ўқув соатлар доирасида ҳафтасига 3 соатдан ўқитилади;
- 1 октябргача физика фани ўқитувчиларининг малакасини ошириш бўйича ўқув модуллари ишлаб чиқилади.
2022 йил 1 январгача:
- Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридаги биттадан «Баркамол авлод» болалар
- мактабларида STEM физика клублари ташкил этилади;
физика фанидан билимларни баҳолаш бўйича миллий сертификатлаш тизими жорий қилинади.
Маълум бўлишича, 2021/2022 ўқув йилидан тажриба-синов тариқасида 20 та умумтаълим муассасасида «виртуал лаборатория» лойиҳаси таълим жараёнига татбиқ этилади ва 1 сентябрдан ихтисослаштирилган мактабларнинг физика фани бўйича миллий сертификатлаш тизимида максимал баллнинг 70 ва ундан юқори фоизини тўплаган физика фани ўқитувчиларига базавий тариф ставкасига нисбатан ҳар ойлик устама ҳақи 50 фоиз миқдорида тўланади.