Марғилонда ер олиб беришини айтиб, 2 нафар фуқарони 55 млн сўмга «ухлатган» аёл қўлга олинди

Фарғона вилояти Марғилон шаҳрида 2018 йилнинг декабрь ойида 2 нафар фуқарога 55 миллион сўмга ер олиб беришини айтиб, пулларини бермаган аёл қўлга олинди. Бу ҳақда вилоят Ички ишлар бошқармаси ахборот хизмати хабар берди.

Фото: «Tez News»

Таъкидланишича, Марғилон шаҳрида 2018 йилнинг декабрь ойида Р.О. исмли аёл таниши А.А.нинг ишончига кириб, 25 миллион сўм эвазига танишлари орқали Қиргули мавзесидаги давлат захирасида бўлган ерлардан олиб беришини айтган. Натижада пулларни олиб берган ваъдасини бажармасдан алдов йўли билан қўлга киритган пулларни ўз эҳтиёжларига сарфлаб юборган. Шунингдек, Р.О. исмли аёл жабрланувчи А.А.нинг таниши И.М.дан ҳам 30 миллион сўм пулларни фирибгарлик йўли билан қўлга киритганлиги аниқланган.

Мазкур ҳолат юзасидан Марғилон шаҳар Ички ишлар бошқармаси ҳузуридаги тергов бўлими томонидан Жиноят кодексининг 168-моддаси (Фирибгарлик) 2-қисми «а» банди билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Маълумот ўрнида, юқорида кўрсатилган жиноятни содир этган шахс беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Аввалроқ Бувайда туманида фуқародан салкам 21 миллион сўмлик темир маҳсулотларини олиб, пулини тўламаган эркак ушлангани ҳақида хабар берилганди.

Янгиликлар