Наманганда 38 нафар фуқаро «Меҳр-саҳоват» кўкрак нишони билан тақдирланди (фото)
Наманган вилояти «Шодиёна» мажмуасида 38 нафар фуқаро «Меҳр-саховат» кўкрак нишони билан тақдирланди. Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, Наманган шаҳридаги «Шодиёна» мажмуасида «Саховат ва кўмак» умумхалқ ҳаракати доирасидаги тадбирларда фаол иштирок этганларни тақдирлаш маросими бўлиб ўтган. Тадбирда вилоят ҳокими Шавкат Абдураззақов ва сектор раҳбарлари иштирок этган.
«Бу ерга йиғилган барча дўстларимизга синовли кунлардаги жонбозликлари учун миннатдорлик билдирамиз. Улар сафида тадбиркорлар, шифокорлар, маҳалла мутасаддилари, волонтёр-ларни кўряпмиз. Қайсидир сабаблар билан таклиф этилмай қолганлар ранжишмасин. Оғир кунларда юртга кор келганлар хизматини асло унутмаймиз», — деди вилоят ҳокими.
Пандемия даврида аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш борасида фаол бўлган 38 нафар фуқаро «Меҳр-саховат» кўкрак нишони билан тақдирланган. Шунингдек, яна 32 кишига вилоят ҳокимининг ташаккурномаси ва эсдалик совғалари топширилган.
Аввалроқ Марғилонда 20 нафар, Бухорода бир қатор тиббиёт ходимлари, Шофирконда эса 29 нафар фуқаро «Меҳр-саховат» кўкрак нишони билан тақдирланганди.