Ўзбекистонда пандемия оқибатида 11 мингта саноат корхонасининг даромади тикланмагани маълум қилинди
Шавкат Мирзиёев раислигида 12 август куни ҳудудларда саноатни ривожлантириш, рақобатбардош маҳсулотлар ишлаб чиқаришни кенгайтириш масалалари бўйича видеоселектор йиғилиши ўтказилди.
Маълум қилинишича, пандемия оқибатида 11 мингта саноат корхонасининг даромади тиклангани йўқ. Уларнинг асосий қисми тўқимачилик, озиқ-овқат, мебелсозлик, металл буюмлар, қурилиш материаллари корхоналаридир.
Шу боис, тўлиқ қувватда ишламаётган корхоналарни жонлантириш, уларга бориб, хомашёси, айланма маблағи, маҳсулот бозори билан боғлиқ масалаларга кўмаклашиш бўйича топшириқлар берилди. Ҳокимлар саноат билан шахсан шуғулланиши кераклиги таъкидланди.
Иқтисодиёт тармоқларини электр энергияси ва табиий газ билан барқарор таъминлаш, барча лойиҳаларни ўз вақтида ишга тушириш бўйича кўрсатмалар берилди.
Шунингдек, саноат кооперацияси ва маҳаллийлаштириш масалалари атрофлича муҳокама этилди. Режадаги 133 та лойиҳа ишга тушмагани, яна 261 таси тўлиқ қувватга етмагани, оқибатда 1,1 триллион сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилмай қолгани кўрсатиб ўтилди. Бу борадаги камчиликлар вилоятлар кесимида таҳлил қилиниб, уларни ҳал этиш чоралари белгиланди.
Эслатиб ўтамиз аввалроқ Шавкат Мирзиёев 15 августдан Ўзбекистонда карантин чоралари босқичма-босқич юмшатилишини айтиб ўтганди.
Шунингдек, Ўзбекистонда 30 кишилик тўйлар ва барча бозорлар фаолиятига рухсат берилиши маълум қилинди.
Ўзбекистонда биринчи ярим йилликда саноат маҳсулоти ҳажми 1,9 фоизга камайгани маълум бўлди.