Ўзбекистондан қайси фильм Оскар мукофотига тавсия этилгани маълум бўлди

Ўзбекистондан 93-Оскар мукофотига «Фариданинг икки минг қўшиғи» тавсия этилди. Бу ҳақда «Ўзбеккино» миллия агентлиги ахборот хизмати хабар берди.

Фото: «Ўзбеккино» миллия агентлиги ахборот хизмати

Таъкидланишича, 21 ноябрь куни Ўзбекистонда Оскар қўмитасининг йиғилиши бўлиб ўтди. Унда қўмита раиси Фирдавс Абдухолиқов ҳамда қўмита аъзолари Зулфиқор Мусоқов, Матёқуб Матчонов, Баҳодир Одилов, Ҳамидулла Ҳасанов, Элжон Аббосов, Нигора Каримова, Жаҳонгир Аҳмедов, Манноп Қўчқоров, Азиз Арзиқулов, Умид Ҳамдамов, Бахтиёр Ёқубов, Фаррух Тўлаганов, Элдор Йўлдошев, Игор Пинхасов ҳамда продюсер ва қўмита координатори Ойбек Абдушукуровлар иштирок этди.

Ўзбекистон Оскар қўмитаси томонидан мукофотининг «Энг яхши халқаро бадиий фильм» номинациясига Ўзбекистон номидан «Ўзбеккино» миллий агентлиги буюртмасига биноан «Fox music cinema» студияси томонидан суратга олинган Ёлқин Тўйчиевнинг «Фариданинг икки минг қўшиғи» фильми танланди.

Қайд этилишича, 25 ноябргача картина фильм муаллифлари томонидан тегишли тартибда Ўзбекистон Миллий кинокомиссиясига тақдим этилиши зарур. «Фариданинг икки минг қўшиғи» фильмида ўтган асрнинг бошларида Туркистонда юз берган сиёсий воқеаларнинг шу юрт аҳолисига кўрсатган таъсири бир оила мисолида очиб берилади.

Шунингдек, 93-Оскар тақдирлаш маросими 2021 йилнинг 25 апрель куни Лос-Анжелес шаҳрининг машҳур «Dolby» театрида бўлиб ўтади. Эслатиб ўтамиз, 2019 йил баҳорида «Ўзбеккино» миллий агентлиги, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи ва Ўзбекистон миллий кинокомиссияси ташаббуси билан Ўзбекистон Оскар қўмитаси ташкил қилинган эди.

Аввалроқ Президент Ўзбекистонда энг сара ўзбек кинолари 100 талиги тузиш таклифини бергани ҳақида хабар берилганди. Шунингдек, Ўзбекистонда Миллий сериаллар ишлаб чиқариш тизими жорий этилгани ҳақида хабар берилган.

Янгиликлар