Пастдарғомда 12 млн сўмлик уй-рўзғор буюмларини ўғирлаган эркак ушланди

Самарқанд вилояти Пастдарғом туманида фуқаронинг уйига кириб, 12 миллион сўмлик уй-рўзғор буюмларини ўғрилаб кетган 50 ёшли эркак қўлга олинди. Бу ҳақда вилоят Ички ишлар бошқармаси ахборот хизмати хабар берди.

Маълумотларга кўра, 5 ноябрь, пайшанба куни туман ички ишлар бўлимига «Жоул Қосим» маҳалласида яшовчи А.Р. ариза билан мурожаат қилган. Мурожаатчи унда 2020 йил 20 октябрдан 1 ноябрь кунига қадар бўлган вақт оралиғида номаълум шахс унинг хонадонидан 12 000 000 сўмлик уй-рўзғор буюмларини ўғирлаб кетганини маълум қилган.

Таъкидланишича, ушбу жиноятни Пастдарғом тумани «Жоул Қосим» маҳалласида яшовчи, 1970 йилда туғилган Ф.М. содир этгани аниқланган. Олиб борилган суриштирув давомида Ф.М.нинг яшаш хонадонидан ўғирланган буюмлар топилиб, тегишли тартибда расмийлаштириб олинган.

Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 169-моддаси 2-қисми «г» банди (Ўғрилик) билан жиноят иши қўзғатилган.

Аввалроқ Когонда 2 миллион сўмдан ортиқ уй-рўзғор буюмларини ўғирлаган шахс қўлга олингани ҳамда Яшнободда қиз 64 ёшли бувисининг 10 миллион сўм пули ва тилла тақинчоғини ўғирлагани ҳақида хабар берилганди.

Янгиликлар