Қашқадарёда пахсадан қурилган мактаблар биносини таъмирлаш учун 250 млрд сўм ажратилади
Қашқадарё вилоятидаги 73 та пахсадан қурилган мактабни қайта қуриш ва таъмирлаш учун республика бюджетидан 250 миллиард сўм ажратилади. Бу ҳақда «Daryo» хабар берди.
Қайд этилишича, Шавкат Мирзиёев Қашқадарё вилояти фаоллари, маҳаллий кенгаш депутатлари, вазирлик ва идоралар раҳбарлари иштирокидаги йиғилишда ҳудудда таълим сифати қониқарсиз эканлигини айтиб, 2020 йил 191 та мактабнинг бирорта ҳам битирувчиси олий ўқув юртларига кира олмаганини таъкидлаган.
Шавкат Мирзиёев вилоятдаги мактаб битирувчиларининг ОТМга кириши республикада энг паст кўрсаткич эканлигини айтган.
«Вилоят ўқувчиларининг Олий таълим муассасаларига кириши республика бўйича 13-ўринни қайд этган. Ваҳолангки, ўзи 14 та ҳудудимиз бор», — деган Президент.
Давлат раҳбарининг таъкидлашича, вилоятнинг 88 та мактабида меъёридан ортиқ ўқувчи ўқийди. Ҳудуддаги 73 та мактаб биноси пахсадан қурилган. Шу сабаб ҳам вилоятда пахсадан қилинган мактаблар биносини қайта қуриш ва таъмирлаш учун мактабларга 250 миллиард сўм, жиҳозлаш учун эса 20 миллиард сўм ажратилиши маълум қилинди.
Шунингдек, вилоятга тор соҳалар бўйича 257 та, бирламчи бўғинда 855 та шифокор етишмайди. Ҳудудда қўшимча 18 та оилавий поликлиника ва 30 та оилавий шифокор пунктига талаб мавжуд.
Аввалроқ қашқадарёлик талабаларга яратган мобиль иловаси учун 500 миллион сўм берилгани ҳақида хабар берилганди.