Самарқандда эркак хотини ва унинг жазманини пичоқлаб ўлдиргани акс этган видеони тарқатганлар қўлга олинди

Самарқанд вилояти Пастдарғом туманида 20 ноябрь куни хотинининг бегона эркак билан ишқий муносабатда бўлганини кўрган эр уларни пичоқлаб ўлдиргани ҳақида хабар қилинганди. Кейинчалик ушбу қотиллик акс этган видео эълон қилинди. Вилоят Ички ишлар бошқармаси томонидан мазкур видеони тарқатганлар ушланди. Бу ҳақда бошқарма ахборот хизмати хабар қилди.

Фото: Самарқанд вилояти ИИБ ахборот хизмати

Таъкидланишича, шов-шувларга сабаб бўлган ушбу видео (фото) юзасидан ИИБ ходимлари текширув ишларини олиб борган. Ваҳшийлик акс этган видеолавҳалар 3 нафар самарқандлик йигит томонидан тасвирга олиниб, тарқатилгани маълум бўлган.

Шунингдек, Самарқанд шаҳридаги савдо марказларидан бирида қонга булғанган пичоқни кўтариб, икки кишининг ўлимига сабаб бўлган фуқаронинг тасвири акс этган видео ҳамда фотолавҳалар тарқалди ва омма орасида турлича муҳокамаларга сабаб бўлди. Хабарда айтилишича, ушбу видеони тарқатган фуқаролар билан аҳоли орасида бу каби зўравонлик ва шафқатсизлик акс этган лавҳаларни тарқатмаслик юзасидан тушунтириш ишларини олиб бориш учун борган ИИБ ходимларига қаршилик кўрсатилган.

Ушбу шахсларга нисбатан тегишли тартибда маъмурий баённомалар расмийлаштирилиб, профилактик тушунтириш ишлари олиб борилган. Самарқанд шаҳар маъмурий ишлар бўйича суди томонидан учала йигитга нисбатан маъмурий қамоқ жазоси тайинланган.

Маълумот учун, «Оммавий ахборот воситалари тўғрисида»ги қонунининг 6-моддага асосан ОАВдан зўравонлик ғояларини тарғиб қилиш мақсадида фойдаланилишига йўл қўйилмайди. «Aхборот эркинлиги принциплари ва кафолатлари тўғрисида»ги қонуннинг 15-моддасида давлатнинг ахборот борасидаги хавфсизлигини таъминлашнинг йўлларидан бири сифатида зўравонликни, шафқатсизликни тарғиб қилувчи ғояларни ўз ичига олган ахборот тарқатилишига қарши ҳаракатлар қилиш эканлиги мустаҳкамланган.

Aввалроқ Учқўрғонда бошқасига унаштирилган собиқ севгилисини 5 марта пичоқ санчиб ўлдирган йигит ушлангани ҳақида хабар берилганди. Шунингдек, Норинда фуқаро жияни билан ишқий муносабатда бўлган йигитни бир мушт билан ўлдиргани ҳақида хабар берилган.

Янгиликлар