Саудия Aрабистонида Eвропа Иттифоқи элчилари иштирок этган маросим вақтида номусулмонлар қабристонида портлаш содир бўлди
Саудия Aрабистонида Eвропа Иттифоқи элчилари иштирок этган маросим вақтида мамлакатнинг Жидда шаҳридаги мусулмон бўлмаганлар қабристонида портлаш юз берди. Бу ҳақда «Meduza» хабар қилди.
Хабарга кўра, портлаш биринчи жаҳон уруши тугаганининг 102 йиллигига бағишланган тантанали маросим пайтида Жидда шаҳридаги мусулмон бўлмаганлар қабристонида содир бўлган. Бунинг натижасида портлашда камида тўрт киши жароҳат олган. Таъкидланишича, жабрланганларнинг жароҳатлари оғир эмас.
Aниқланишича, портлашга атайин ўрнатилган қўлбола портловчи мослама сабаб бўлган.
Франция Ташқи ишлар вазирлиги ушбу маросимда Eвропа Иттифоқининг бир қатор мамлакатларидан элчилар, хусусан, Франция консуллиги ходимлари иштирок этганини маълум қилган. Шундан сўнг вазирлик Саудия Aрабистонидаги фуқароларини содир бўлган воқеалар сабабли огоҳликка чақирган.
Мавзуга доир: Париж исломий мамлакатларнинг Францияни бойкот қилишга бўлган чақириқларига жавоб берди
Қайд этилишича, Қабристондаги портлаш сўнгги икки ҳафта ичида Жидда шаҳрида содир бўлган иккинчи жиддий воқеа бўлган. Шаҳарда аввалроқ — 29 октябрь куни Франция консуллиги қўриқчисига пичоқ билан ҳужум қилган тажовузкор қўлга олинган.
Эслатиб ўтамиз, Афғонистондаги портлашда 10 киши ҳалок бўлгани ҳамда Ливан пойтахти Байрутда кучли портлаш содир бўлгани ҳақда хабар қилинганди.