Томскдаги ўзбекистонликлар шаҳарда коронавирус билан курашаётган шифокорларга ош тарқатди — фото
Россиянинг Томск шаҳридаги ўзбекистонликлар шаҳарда коронавирусга чалинган беморларни даволаётган шифокорларга палов тарқатди. Бу ҳақда «ТВ2» агентлиги хабар қилди.
Хабарда айтилишича, «Дўстлик» ўзбек маданияти ташкилоти кўнгиллилари 2 ноябрдан бошлаб шифокорларга овқат тайёрлаб, тарқата бошлаган ва бу билан икки ҳафта давомида шуғулланган. Тўрт кун ичида 1600 та контейнердаги палов етказиб берилган. Режадан 2000 порция, шу миқдордаги сабзавотли салатлар ва 600 та буғдой нони ҳам жой олган.
«Инсоният учун ўз ҳаётини, кучини ва соғлиғини тиним билмай сарфлайдиган одамларга ҳурматда бўлиш керак. Уларга ойлик бериш бошқа, миннатдорлик билдириш бошқа. Шифокорлар мамнун, улар хурсанд, биз ҳам уларга яхшилик қилганимиздан мамнунмиз. Aйниқса, бундай қийин пайтда бир-биримизга ёрдам беришимиз муҳим», — дея тушунтиради Россиядаги ўзбекистонлик Саматулла Рўзиев.
Томсклик ўзбеклардан кейин Омск ва Кемероводаги ўзбекистонликлар ҳам шифокорларни овқат билан сийлашга киришган.
Маълумот ўрнида, дунё бўйича коронавирусга чалинганлар сони Тошкент вақти билпан 12:30 ҳолатига кўра, 58,5 миллион кишига етган. Энг кўп касаллик ҳолати АҚШда (12 450 666), ундан кейинги ўринда Ҳиндистон (9 095 908) ва Бразилияда (6 052 786) қайд этилган.
Хусусан, Ўзбекистонда 21 ноябрь ҳолатига кўра, коронавирус инфекцияси қайд этилганлар сони 71 478 нафарни ташкил этмоқда. Касалликдан соғайганлар жами 68711 нафарга етган. Айни пайтда тиббиёт муассасаларида даволанаётган 2164 нафар бемордан 217 нафари оғир, 57 нафари эса ўта оғир аҳволда.
Мавзуга доир:
Аввалроқ Россияда бир неча ойдан буён ўрмонда яшаётган ўзбек «Маугли» бола топилгани ҳақида хабар берилганди. Кейинчалик боланинг отаси аниқланиб, болага туғилганлик тўғрисидаги гувоҳнома берилгани маълум қилинган.