Янгиқўрғонда фуқаролардан чорва моллари олиб, уларни 57 млн сўмга чув туширган эркакка жиноий иш очилди

Наманган вилояти Янгиқўрғон туманида яшовчи фуқарони 30 миллион сўмга ҳамда чортоқлик фуқарони 27 миллион сўмга чув туширган шахсга жиноят иши қўзғатилди. Бу ҳақда вилоят Ички ишлар бошқармаси ахборот хизмати хабар қилди.

Хабарга кўра, 13 октябрь куни Чортоқ туманида яшовчи Б.Қ. ИИБга ариза билан мурожаат қилган. Унинг мурожаатига асосан 6 июль куни Янгиқўрғон туманидаги «Бекобод ҳайвон бозори»да мазкур туманда яшовчи фуқаро унинг ишончига кириб, бир бош отини 12 миллион сўмга сотиб олишга келишган. Пулларини 10 август куни беришини айтиб, отни олиб кетган ва ҳозирга қадар пулни бермаган.

Бундан ташқари, мазкур шахс жиноий ҳаракатларини давом эттириб, 6 август куни Б.Қ.нинг уйига борган ҳамда бир бош отини 15 миллион сўмга сотиб олишга келишиб, пулларини 1 сентябрь куни беришини айтган. Таъкидланишича, у отларни бошқа шахсга сотиб, пулларни шахсий эҳтиёжлари учун ишлатиб юборган.

Шунингдек, фуқаро жиноий ҳаракатларини давом эттириб, «Бекобод ҳайвон бозори»да Янгиқўрғон туманида яшовчи М.М.нинг ишончига кириб, икки бош молларини 30 миллион сўмга сотиб олишга келишган. Ҳамда пулларни 18 август куни беришини айтиб, молларни бошқа шахсга сотиб юборган. Aниқланишича, у пулларни шахсий эҳтиёжлари учун ишлатиб юборган.

Ушбу ҳолат бўйича туман ИИБ ҳузуридаги тергов бўлими томонидан 2 ноябрь куни Жиноят кодексининг 168-моддаси 3-қисми билан жиноят иши қўзғатилган.

Аввалроқ Фарғона туманида молхонадан 7 миллион сўмлик қорамол ўғирлаган, Олтиариқда эса уч бош отни 21 миллион сўмга сотиб олишини айтиб, пулини бермаган эркак ушланганди. Шунингдек, Ёзёвонда 10 миллион сўмлик қорамол ўғирлаган эркак қамоққа олинган.

Янгиликлар