Юнусободда тадбиркор фойдасига корхонадан 295 млн сўм қарздорлик ундирилди

Тошкент шаҳри Юнусобод туманида тадбиркор фойдасига 295 миллион сўм қарздорлик ундирилди. Бу ҳақда туман ҳокимлиги матбуот хизмати хабар берди.

Маълум қилинишича, Мажбурий ижро бюроси Юнусобод туман бўлими иш юритувида Тошкент туманлараро Иқтисодий судининг 3 июнь кунидаги ижро варақаси мавжуд бўлган. Таъкидланишича, мазкур варақага асосан, қарздор «N-Com Central Asia» корхонасидан ундирувчи тадбиркор «Алишер Султанбек Нукус» жамияти фойдасига жами 295 миллион 35 минг 680 сўм қарздорлик ундириш белгиланган.

Хабарга кўра, мазкур ижро ҳужжати юзасидан бўлим давлат ижрочиси томонидан олиб борилган ҳаракатлар давомида қарздордан ижро ҳужжатида кўрсатилган қарздорлик тўлиқ ундирилган ва ундирувчининг ҳисоб рақамига ўтказиб берилган.

Хабарга кўра, ушбу ижро ҳужжати «Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида»ги қонуннинг 41-моддасига биноан, якунига етказилгани боис, ижро иши юритуви тамомланди.

Аввалроқ Нарпайдаги машина-трактор паркидан салкам 140 миллион сўм ва Норинда корхонадан 900 миллион сўмдан ортиқ солиқ қарздорлиги ундирилгани ҳақида хабар қилинган эди.

Шунингдек, Самарқанд шаҳрида корхонадан банк фойдасига 1,6 миллиард сўмдан зиёд солиқ қарздорлиги ҳамда Қўқонда МЧЖнинг 50 минг долларлик қарзи кредит олинишида кафил бўлган тадбиркордан ундирилгани маълум қилинганди.

Янгиликлар