Ўзбекистонда бюджет жараёнининг очиқлигини таъминлаш тартибини бузганлик учун жавобгарлик белгиланди

Ўзбекистонда 2021 йил 1 апрелдан бюджет жараёнининг очиқлигини таъминлаш тартибини бузганлик учун жавобгарлик белгиланди. Бу ҳақда Адлия вазирлигининг «Huquqiy axborot» Telegram каналида хабар берилди.

Фото: «Review»

Таъкидланишича, Шавкат Мирзиёевнинг 30 декабрь куни «Бюджет жараёни такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалари киритиш тўғрисида»ги қонуни имзоланган. Қонун билан 4 та қонун ҳужжатига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилган.

Хусусан, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга киритилган ўзгартиришга кўра, бюджет жараёнининг очиқлигини таъминлаш тартибини бузганлик учун жавобгарлик белгиланган. Шунингдек, Бюджет кодекси, Солиқ кодекси ҳамда амалдаги бошқа қонун ҳужжатларига мувофиқлаштирилган ҳамда Бюджет кодексига тартибга солувчи бюджетлараро трансфертларга оид норма киритилган.

Унга кўра, тартибга солувчи бюджетлараро трансфертлар қайтармаслик шарти билан ҳудудий бюджетлар, давлат мақсадли жамғармалари бюджетлари харажатларининг тегишли даромадлар прогнозидан ошган қисмини қоплаш учун берилади. Бундан ташқари, бюджет жараёнининг очиқлигини таъминлаш тартиби белгиланган.

Бюджет маблағлари тақсимловчилар, давлат мақсадли жамғармалари, Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси ҳар чорак якуни бўйича 2020 йилнинг 25 январь санасига қадар ўз сайтларида қуйидаги маълумотларни жойлаштириши лозим:

  •  ўзига тегишли бюджет ташкилотлари кесимида бюджет маблағлари тақсимоти;
  • даврий молиявий ҳисоботлар;
  • давлат мақсадли жамғармаларидан субсидиялар ва кредит олувчилар;
  • капитал қўйилмалар ҳисобидан амалга оширилаётган лойиҳалар ижроси.

Аввалроқ Ўзбекистонда 9 ой давомида бюджет маблағларини талон-тарож қилиш билан боғлиқ 764 та қонун бузилиши ҳолати, жумладан, 468 та жиноят аниқлангангани ҳақида хабар берилганди.

Шунингдек, Маданият вазирлигида амалда етказиб берилмаган маҳсулотлар, бажарилмаган ишлар ва кўрсатилмаган хизматлар учун 12 миллиард сўм бюджет маблағи ноқонуний ўзлаштирилгани ҳақида хабар берилган.