Бухорода тест синови кунлари қайси кўчаларда транспорт ҳаракати чекланиши маълум қилинди

Бухоро вилоятида абитуриентларни олий таълим муассасаларига қабул қилиш учун тест синовлари «Дилкушо», «Умид», «Бухоро» спорт мажмуаларида ўтказилиши белгиланган. Шу сабабли тест синовлари пайтида Бухоро шаҳрининг айрим кўчаларида транспорт ҳаракати чекланади. Бу ҳақда вилоят Ички ишлар бошқармаси йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси катта инспектори Улуғбек Шукурлаев 1 сентябрь куни ўтказилган брифингда маълум қилди.

Кадр: Telegram

Таъкидланишича, шаҳарнинг Ислом Каримов, Навоий, Ибн Сино, Садриддин Aйний, Иброҳим Мўминов, Ҳофиз Таниш Бухорий, Муҳаммад Иқбол, Зулфия, Ҳамза кўчаларининг айрим қисмларида транспорт ҳаракати тўхтатилади.

Тест синовлари ўтказиладиган кунлар қуйидаги ҳудудларда барча турдаги транспортлар ҳаракати чекланади:

  • Муҳаммад Иқбол ва Ислом Каримов кўчалари кесишган қисмидан Зулфия кўчаси кесишган қисмигача;
  • Ҳамза кўчасининг Ҳофиз Таниш Бухорий кўчаси билан кесишган қисмидан Иброҳим Мўминов кўчаси кесишган қисмигача;
  • Иброҳим Мўминов кўчасининг Ҳамза кўчаси билан кесишган қисмидан Навоий шоҳкўчаси кесишган қисмигача;
  • Ислом Каримов кўчасининг Вобкент кўчаси билан кесишган қисмидан Ибн Сино шоҳкўчаси кесишган қисмигача;
  • Садриддин Aйний кўчасининг Ислом Каримов кўчаси билан кесишган қисмидан «Умид» спорт мажмуасигача бўлган оралиқда.

«Ҳурматли вилоятимиз аҳолиси ва унга ташриф буюрувчи меҳмонлар! Белгиланган тартиб-қоидаларга қатъий риоя қилган ҳолда, амалдаги йўл-ҳаракати қоидаларига риоя этишингизни сўраб қоламиз», — дейди катта инспектор Улуғбек Шукурлаев.

Aввалроқ Бухородаги учта майдонда тест синовлари олдидан тайёргарлик ўқув-машғулот ўтказилгани хабар қилинганди. Шунингдек, Бухорода ОТМларга кириш имтиҳонлари ўтказиладиган ҳудудларнинг геожойлашуви ҳақида маълумот берилган.

Янгиликлар