Самарқандда 732 мингдан ортиқ мактаб ўқувчиси 14 сентябрдан ўқув машғулотларига боради

Самарқанд вилоятида 700 минг нафардан ортиқ мактаб ўқувчиси 14 сентябрдан ўқув машғулотларига боради. Бу ҳақда «Zarnews» хабар берди.

Қайд этилишича, бунинг учун 10 сентябрга қадар мактаблар санитария жиҳозлари, жумладан, пирометр, дозатор билан таъминланади. Шунингдек, 14 сентябрга қадар 54,5 минг нафар ўқитувчи-педагогни коронавирусга тестдан ўтказиш ва уларни ўткир респиратор вирусли инфекцияга қарши эмлаш ишларини ташкил этилади. Ҳар ойда тиббий ниқоб ва антисептик воситалари билан таъминланади.

Шунингдек, вилоятдаги 81 та мактабда (тажриба синов тариқасида) «электрон кундалик» дастурини жорий этиш, карантин қоидаларига қатъий риоя этган ҳолда 83 та «мактаб бозорлари» фаолиятини ташкил қилиш вазифаси юклатилган.

Ўқув йили олдидан вилоятдаги мактабларнинг инфратузилмаси яхшиланади. Жумладан, 332 тасига узлуксиз тоза ичимлик сувини етказиб бериш, 380 тасини иситиш тизими ва ҳожатхоналарини таъмирлаш чоралари кўрилади. 4 та математикани ҳамда 1 та кимё ва биологияни чуқурлаштириб ўқитишга ихтисослаштирилган мактаб фаолиятини ташкил этилади.

Ундан ташқари, 2020/2021 ўқув йилида умумий ўрта таълим мактабларининг 1 синфларига келиши кутилаётган 78 минг 897 нафар болага «Президент совғаси» жойларга етказилмоқда.

2020/2021 янги ўқув йилида вилоятдаги умумий ўрта таълим мактаблари ўқувчилари 732 470 нафар бўлиши кутилмоқда. Уларга 54 535 нафар ўқитувчи таълим-тарбия беради. Вилоят бўйича 238 номдаги 3 миллион 292 минг 870 та дарсликларга буюртма берилган.

Маълумот учун, вилоятдаги 1199 та мактаблар янги ўқув йилига тайёр ва барча муассасаларда дезинфекция ишлари олиб борилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, Самарқандда 2 та янги мактаб фойдаланишга топширилган.

Аввалроқ Ўзбекистонда янги ўқув йили олдидан мактабларга салкам 10 минг нафар тиббиёт ходими жалб қилингани ҳақида хабар берилган.

Янгиликлар