Қорақалпоғистон Соғлиқни сақлаш вазирига ўринбосарлар тайинланди

Республика фтизиатрия ва пульмонология марказининг директори лавозимида ишлаб келаётган Камалов Қурал Жалгасбаевич Қорақалпоғистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирининг биринчи ўринбосари этиб тайинланди. Бу ҳақда ССВ матбуот хизмати хабар берди.

Фото: Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати

Ундан аввал Қурал Камалов Кегайли туман тиббиёт бирлашмаси бошлиғи лавозимида ишлаган. 2013 – 2018 йилларда ҳам Қорақалпоғистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирининг биринчи ўринбосари вазифасида хизмат қилган.

Шунингдек, Қорақалпоғистон Республикаси қон қуйиш станциясининг бош шифокори лавозимида ишлаб келаётган Тангирбергенов Аймурат Кувандикович Қорақалпоғистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирининг иқтисодий ва умумий масалалар бўйича ўринбосари этиб тайинланди.

Фото: Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати

Ундан аввал Аймурат Тангирбергенов Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Нукус филиалининг қон қуйиш бўлим мудири лавозимида ҳам ишлаган.

Бундан ташқари, Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Қорақалпоғистон филиали директорининг инновацион масалалар бўйича ўринбосари лавозимида ишлаб келаётган Асқаров Акмал Алишерович Қорақалпоғистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирининг Оналик ва болаликни муҳофаза қилиш бўйича ўринбосари этиб тайинланди.

Фото: Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати

Мутахассислиги травматолог-ортопед бўлган Акмал Асқаров Тахиатош туман тиббиёт бирлашмаси тез тиббий ёрдам бўлими мудири, Ҳўжайли туман тиббиёт бирлашмаси бош шифокорининг даволаш ишлари бўйича ўринбосари, Қорақалпоғистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги Оналикни ва болаликни мухофаза қилиш бўлими бош мутахассиси каби вазифаларда ишлаган.

Aввалроқ Инвестициялар ва ташқи савдо вазирига ўринбосар тайинлангани ҳақида хабар берилганди. Шунингдек, Соғлиқни сақлаш вазирига янги ўринбосар тайинлангани хабар қилинган.

Янгиликлар