«Bloomberg» Осиёнинг энг бадавлат кишиси номини эълон қилди

Хитойнинг вакцина ишлаб чиқарувчи «Beijing Wantai Biological Pharmacy Enterprise» ва қадоқланган сув ишлаб чиқарувчи «Nongfu Spring» компаниялари асосчиси 66 ёшли Чжун Шаншан Осиёнинг энг бадавлат кишиси деб топилди. Бу ҳақда «Bloomberg» нашри маълум қилди.

Фото: Shuttertock

Маълум бўлишича, Чжун Шаншан тарихда фавқулодда тез бойлик орттирган инсонлар қаторига қўшилган. Унинг бойлиги 2020 йилда 70,9 миллиард долларга кўпайиб, 77,8 миллиард долларга етган.

Хитойлик бизнесмен Чжун Шаншан сайёрадаги энг бадавлат кишилар рейтингида 11 ўринни эгаллаган. «Bloombreg» нашрининг ёзишича, Чжун Шаншан матбуотда кам тилга олинадиган, ўзи ҳақида оммага кўп ҳам маълумот беравермайдиган миллиардерлардан ҳисобланади.

66 ёшли Зҳонг сиёсат билан шуғулланмайди ва унинг бизнес манфаатлари бошқа бой оилалар билан боғланмаган. Шу сабабли у маҳаллий аҳоли орасида «Ёлғиз бўри» номи билан танилган.

Аввалроқ «Forbes» Россиянинг 2020 йилдаги энг бой миллиардерлари рейтингини эълон қилганди. Ушбу рейтингда Алишер Усмонов 3 ўринни эгаллагани қайд этилган. Шунингдек, «Forbes» энг сахий одамлар яшайдиган давлат номини ҳам эълон қилган эди.