Ўзбекистонда фуқароларга халқаро IT-сертификатларини олишда харажатларнинг қанчаси бюджет ҳисобидан қопланиши маълум қилинди

Вазирлар Маҳкамасининг «Ёш мутахассисларни ўқитиш ва уларнинг халқаро IТ-сертификатларини олиш учун 50 фоизгача харажатларини қоплаш тизимини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори 28 декабрь, душанба куни Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталига жойлаштирилди.

Фото: «Tez News»

Лойиҳага кўра, фуқароларни халқаро IТ-курсларда ўқитиш ва халқаро IТ-сертификатларини олиш учун 50 фоизгача харажатлари қоплашниши мумкин ва ҳаражатларнинг ҳар йиллик чекланган қийматлари белгилаб борилади. Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги Тошкент ахборот технологиялари университетида ёш мутахассисларни ўқитиш ва халқаро IТ-сертификатларини олиш учун 50 фоизгача харажатларини молиялаштириш бўйича махсус ҳисоб рақам очилади.

Таъкидланишича, ушбу махсус ҳисоб рақамнинг йиллик даромад манбаларининг 50 фоизи Инновацион ривожланиш ва новаторлик ғояларини қўллаб-қувватлаш жамғармаси маблағи ва 50 фоизи Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги ҳамда соҳа корхоналари маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.

Шунингдек, 2021 йил 1 январдан бошлаб ахборот тизими бошқаруви, маълумотлар базаси ва «булутли» платформани бошқариш, ахборот-коммуникация технологиялари соҳасининг бошқа талаб юқори бўлган йўналишларидаги тегишли сертификатга эга бўлган ходимлар учун лавозим маошининг 50 фоизигача қўшимча ҳақ тўлаш тизими жорий этилади. Маълумот ўрнида, ушбу қарор муҳокамаси 2020 йил 12 январга қадар давом этади.

Аввалроқ Жиззахда лойиҳа қиймати 5,5 миллиард сўм бўлган «IT-Park» филиали очилгани ва дастурлаш соҳасидаги танловлар эълон қилиб бориладиган «Ўзбекистоннинг IT-истеъдодлари» портали ишга тушиши ҳақида хабар қилинганди.

Янгиликлар