Ўзбекистонда ОТМлар 1 январдан ҳафталик ўқиш кунларини мустақил белгилайди

Ўзбекистонда олий таълим муассасалари 1 январдан ҳафталик ўқиш кунларини мустақил белгилайди. Бу ҳақда Адлия вазирлигининг Telegram каналида маълум қилинди.

Ҳукуматнинг 2020 йил 31 декабрь куни «Олий таълим муассасаларида таълим жараёнини ташкил этиш билан боғлиқ тизимни такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори қабул қилинган. Қарорга кўра, 2021 йил 1 январдан:

  • ОТМ ҳузуридаги техникумларда ўқув машғулотларини олиб бораётган профессор-ўитувчиларнинг меҳнатига соатбай ҳақ тўлаш ОТМ талабаларига дарс ўтганлиги учун меҳнатга соатбай ҳақ тўлаш миқдорларида амалга оширилади;
  • таълим жараёнини ташкил этишда ҳафталик ўқув кунлари ОТМ томонидан мустақил белгиланади;
  • ОТМда ташкил этиладиган якуний давлат аттестацияси комиссияси раислари тегишли ОТМ ректори(филиал директори) буйруғи билан тасдиқланади.

Шунингдек, қарорга белгиланиўича, 2020/2021 ўқув йилидан республика олий таълим муассасаларида ўқув жараёни босқичма-босқич кредит-модуль тизимига ўтказилади.

Олий таълим муассасаси кенгаши қарори асосида:

  • профессор-ўқитувчилар ОТМда 3 йил ишлаб беришни назарда тутувчи шартномани расмийлаштирган ҳолда нуфузли хорижий олий таълим ташкилотлари ва илмий муассасаларда стажировка ўташи ва малака ошириши;
  • ўқитувчилар ОТМда 5 йил ишлаб беришни назарда тутувчи шартномани расмийлаштирган ҳолда нуфузли хорижий олий таълим ташкилотлари ва илмий муассасаларнинг докторантура дастурларида ўқиши мумкин.

Аввалроқ Ўзбекистон ОТМларида талабаларнинг рейтинг дафтарчаси ва гуруҳ журналлари бекор қилингани ҳақида хабар берилган эди. Шунингдек, 2022–2023 йилларда қуриладиган боғча, мактаб ва ОТМлар сони маълум бўлган.

Янгиликлар