Тошкент вилоятида коронавирусга қарши дорини 170 млн сўмга ноқонуний равишда сотаётган шахс ушланди

Тошкент вилоятида коронавирусга қарши «Remdesivir for Injection» дори воситасини дорихонадан ташқарида ноқонуний равишда 170 миллион сўмга сотаётган шахс ушланди. Бу ҳақда Бош прокуратура матбуот хизмати «Tez News»га хабар қилди.

Хабарга кўра, Бош прокуратура ҳузуридаги Департамент ва Давлат божхона қўмитасининг Тошкент вилояти бошқармалари томонидан ўтказилган тадбирда фуқаро Ж.A. томонидан коронавирус инфекциясини даволашда фойдаланиладиган «Remdesivir for Injection» номли дори воситасини дорихона ва унинг филиалидан ташқарида сотаётганлиги аниқланган. Маълум қилинишича, Ж.A. мазкур дорининг ҳар бир қутисини 850 минг сўмдан ҳисоблаб, 200 қутисини 170 миллион сўмга сотган вақтида ушланган.

Қайд этилишича, терговга қадар текширувда Ж.A. «Remdesivir for Injection» дориларини қайта сотиш мақсадида фуқаро М.К.дан харид қилганлиги аниқланган. Мазкур ҳолат юзасидан Ж.A. ва М.К.га нисбатан Жиноят кодексининг 186³-моддаси 3-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.

Аввалроқ Данғарада катта миқдорда «Трамадол Ланнахер» ва «Тропикамид» дориларини сотаётган йигитлар ва Фарғонада салкам 38 миллион сўмлик тиббий восита ва техникаларни Ўзбекистонга яширинча олиб кирмоқчи бўлган эркак аниқланганди.

Шунингдек, Андижонда ҳужжатсиз дори воситаларининг нархини сунъий ошириб сотаётган гуруҳ ва Бухорога 139 дона кучли таъсир қилувчи дорини Тошкентдан олиб келаётган эркак қўлга олингани маълум қилинганди.

Янгиликлар