Молия вазирлиги коронавирусга қарши курашаётганларга 482 млрд сўм тўлаб берилганини маълум қилди

Молия вазирлиги 30 июль ҳолатига кўра, коронавирус тарқалишининг олдини олишга қаратилган тадбирларга жалб этилган тиббиёт, санитария-эпидемиология хизмати ва бошқа хизмат ходимларига тўланган қўшимча рағбатлантириш мақсадида 124 104 нафар ходимга 482 миллиард сўм тўлаб берилганини очиқлади.

Маълум қилинишича, Инқирозга қарши курашиш жамғармасидан Санитария-эпидемиология осойишталик хизмати ва унинг ҳудудий марказларига коронавирус тарқалишининг олдини олишга қаратилган тадбирлар учун 1 триллион 296 миллиард сўм ажратилган.

Шунингдек, 124 104 нафар тиббиёт, санитария-эпидемиология хизмати ва бошқа тиббий хизмат ходимига 482 миллиард сўм қўшимча рағбатлантириш тўловлари тўланди. Шу жумладан, ойлик лавозим маошига 6 фоиз миқдорида ҳар кунлик қўшимча тўловлари тўланган. Хусусан, 94 945 нафар ходим 148,6 миллиард сўм олишган. Шундан 25 307 нафар шифокорга  58,2 миллиард сўм, 43479 нафар ўрта тиббиёт ходимга  60,5 миллиард сўм, 12357 нафар кичик тиббиёт ходимга 13,5 миллиард сўм ва 13802 нафар бошқа хизмат ходимларига 16,4 миллиард сўм тўлаб берилган.

Шу билан бирга, 14 кунлик фаолият даври учун махсус қўшимча рағбатлантириш тўлови сифатида 14 427 нафар ходимга 307,5 миллиард сўм, шундан 4086 нафар врачга 143,3 миллиард сўм, 5579 нафар ўрта тиббиёт ходимига  112,9 миллиард сўм, 2884 нафар кичик тиббиёт ходимига 38,6 миллиард сўм ва 1878 нафар бошқа ходимларга  12,7 миллиард сўм берилган.

Бундан ташқари, Санитария-эпидемиология хизмати ва унинг ҳудудий марказлари ходимларининг лавозим маошига меҳнатнинг соғлиқ учун хавфлилиги ва оғир шароитлари учун белгиланадиган қўшимча тўловлар миқдорини тегишинча 15 фоиздан 50 фоизга ҳамда 40 фоиздан 75 фоизга ошириш ҳамда меҳнатига ҳақ тўлаш разрядлари бўйича тариф коэффициентини 5 фоизга ошириш ҳисобига 14 701 нафар ходимга 21,9 миллиард сўм тўлаб берилган.

Молия вазирлигининг эслатишича, юқоридаги тўловлар даромад солиғи ва ягона солиқ харажатлари билан қўшиб ҳисобланган. Жумладан, коронавирусга чалинган беморларни 14 кун давомида даволаган шифокорларга 25 миллион сўм тўлаб берилиши кўзда тутилган. Даволаган шифокорларга 25 миллион сўм тўлаб бериш учун унга қўшимча 12 фоиз миқдоридаги даромад солиғи, 1 фоиз касаба уюшмасига ва 25 фоиз миқдоридаги ягона солиқ харажатлари билан қўшиб ҳисобланади яъни бир шифокорга 25 миллион сўм тўлаш учун 35,9 миллион сўм маблағ сарфланади.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Aлишер Усмонов Ўзбекистонга 100 миллиард сўм хайрия маблағи ажратган эди. Шунингдек, Ўзбекистонда тез тиббий ёрдам ходимларини рағбатлантириш учун 200 миллиард сўм ажратилгани маълум қилинган.

Янгиликлар