Наманганга коронавирусга қарши курашда ёрдам бериш учун туркиялик шифокорлар келди

Бир гуруҳ туркиялик мутахассислар коронавирусга қарши курашда кўмаклашиш учун Наманганга келди. Бу ҳақда «Дарё» нашри хабар берди.

Фото: Наманган вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси матбуот хизмати

Хабарда маълум қилинишича, меҳмонлар дастлаб вилоят юқумли касалликлар шифохонасида бўлган. Улар бу ерда вилоятдаги эпидемиологик вазият, коронавирус инфекциясига чалинган беморларни даволаш жараёнлари, аҳоли ўртасида олиб борилаётган тарғибот ишлари билан танишган. Шифохона бўлимларини кўздан кечириб, беморларга кўрсатилаётган тиббий хизмат ҳолатини ўрганган, улардан бир нечасини тиббий кўрикдан ўтказган.

Фото: Наманган вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси матбуот хизмати

«Коронавирус пандемияси жаҳон миқёсида хавф солиб турган пайтда тиббиёт соҳасидаги тажриба алмашинувлари муҳим аҳамиятга эга. Бир неча кундан бери Ўзбекистон бўйлаб сафарда юрибмиз. Жойларда коронавирус инфекциясига қарши олиб борилаётган тизимли ишларни эътироф этиш жоиз. Туркияда ҳам бу касаллик жуда мураккаб вазиятни юзага келтирган эди. Карантин талабларига қатъий амал қилиниши туфайли унинг талафотларини камайтиришга эришяпмиз. Умид қиламизки, бу борада орттирилган тажриба Ўзбекистонда ҳам қўл келади», — дейди Истанбул давлат шифохонаси педиатри доктор Юсуф Ўзкириш.

Вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси туркиялик шифокорлар 4 кун мобайнида Намангандаги коронавирус инфекциясига чалинганлар даволанаётган тиббиёт муассасаларида ҳамкасблар ва беморлар билан мулоқотда бўлишини маълум қилган. Бундан олдин россиялик 6 нафар мутахассис ҳам вилоятга келиб, ўз тажрибалари билан ўртоқлашганди.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистонга коронавирусга қарши курашиш учун хитойлик ва 40 нафар россиялик шифокор келгани ҳақида хабар берилган эди. Кейинчалик Бухорога ҳамда Самарқандга коронавирусга қарши курашда ёрдам бериш учун 4 нафардан шифокор келгани маълум қилинди. Бундан ташқари Бухорога коронавирусга қарши курашда ёрдам бергани германиялик мутахассислар ҳам келган, Тошкентда эса хитойлик шифокорлар иштирокида ҳудудлардаги ҳолати оғир беморларни даволаш юзасидан консилиум ўтказилган эди.

Янгиликлар