Тергов департаменти Самарқандда 10 киши 27 ёшли фуқарони уриб ўлдиргани ҳақдаги хабарни рад этди. Жанжал 2 киши орасида бўлган

Бир қанча нашрларда Самарқандда 10 киши 27 ёшли фуқарони уриб ўлдиргани ҳақда хабарлар тарқаган эди. Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги Тергов департаменти ушбу хабар юзасидан расмий маълумот берди.

Фото: Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги Тергов департаменти

Унга кўра, 2020 йилнинг 30 август куни соат 11:00 да Самарқанд вилояти Оқдарё туманида 24 ёшли О.С. ўзига олдиндан таниш бўлган 27 ёшли Ш.Т. билан ўзаро автомашинада йўловчи ташиш масаласида жанжаллашиб қолган ва турли хил ножўя сўзлар билан бир-бирларини ҳақорат қилган.

Шундан сўнг О.С. таниши Ш.Т. билан ўрталарида келиб чиққан низони ҳал қилиш мақсадида шу куни соат тахминан 18:30 да Ш.Т.нинг яшаш хонадонига келиб, туманнинг Ўклон қишлоғида жойлашган 36-сонли ўрта таълим мактабининг футбол майдонида яккама-якка урушишга келишиб, ушбу спорт майдонида Ш.Т.га уни ҳақорат қилганлигини рўкач қилиб, бир неча бор қўллари билан Ш.Т.ни юз соҳасига уриб, танасининг турли жойларига оёқлари билан тепиб тан жароҳати етказган.

Натижада Ш.Т. ҳушидан кетиб йиқилган, О.С. эса ҳодиса жойидан кетиб қолган.

Ҳодиса жойида бўлган Ш.М., Ш.И. ва Ш.Х.лар ҳушидан кетиб йиқилган Ш.Т.ни ҳушига келтириш мақсадида юзига сув сепиб, йўлда ўтиб кетаётган «Nexia-2» русумли автомашинани тўхтатиб, Ш.Т.ни тез ёрдам бўлимига олиб боришган. Шифокорлар томонидан кўрсатилган тиббий муолажаларга қарамасдан, Ш.Т. олган тан жароҳатлари натижасида шифохонада вафот этган.

РСТЭИАМ Самарқанд филиалининг тиббий маълумотномасига кўра, Ш.Т.нинг танасида, яъни ёпиқ бош мия жароҳати, бурун суягининг синиши, бош юмшоқ тўқималари остига қон қуйилиши, бош мия пардалари остига ва тўқимасига қон қуйилиши, бош миянинг лат ейиши, чап кўз оқиш пардасига қон қуйилиши аниқланган бўлиб, Ш.Т. ушбу олган тан жароҳатлари оқибатида вафот этганлиги кўрсатилган.

Мазкур ҳолат юзасидан Оқдарё тумани ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан О.С.га нисбатан Жиноят кодексининг 104-моддаси 3-қисми «д» банди (Жабрланувчининг ўлимига олиб келган, қасддан баданга оғир шикаст етказиш) билан жиноят иши қўзғатилган.

Жинояти иши бўйича О.С. айбланувчи тариқасида жалб қилиниб, унга нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган. Ҳозирда дастлабки тергов ҳаракатлари давом этмоқда.

Аввалроқ Булунғурда маст ҳолда ўз амакисини кетмон билан чопиб ўлдирган шахс 16 йилга қамалгани, Самарарқандда ака синглисига SMS ёзган йигитни уриб ўлдиргани хабар қилинган эди.

Янгиликлар