Яна бир Сурия. Тоғли Қорабоғдаги уруш нималарга олиб келади?
Тоғли Қорабоғда танклар, самолётлар, ракета ва артиллерия қуроллари иштирокида шиддатли ҳарбий ҳаракатлар давом этмоқда. Бу томонлар тўқнашувининг чорак асрдаги энг жиддий авж олишидир. Қурбонлар кўп. Москва, Париж ва Вашингтон қўшма коммюнике эълон қилди. Аммо ҳозирча музокараларга чақириқлар самарасиз бўлиб қолмоқда. Озарбайжонликлар «қарши ҳужум»ни тўхтатиш ниятида эмаслар, арманлар ён беришмайди. Қорабоғга жойлаштирилган суриялик ёлланма аскарлар ҳақидаги хабарлар алоҳида ташвиш келтириб чиқармоқда.
Урушнинг бешинчи куни
Пайшанба, 1 октябрь — жангларнинг бешинчи куни. Тонгда тан олинмаган Тоғли Қорабоғ республикасининг пойтахти Степанакерт ўққа тутилди. Кун давомида ўқ узиш янада кучайган. Аҳоли бир неча кун давомида бомба сақланадиган жойларда ва подвалларда яширинади. Қорабоғда ишлаётган рус журналистлари уруш табиатан узоқ бўлганлигини таъкидлайдилар — учувчисиз самолётлар ҳужуми, артиллерия отишмалари. Ўзаро зарбаларнинг интенсивлиги кучаймоқда.
Пайшанба куни тонгда Арманистон Мудофаа вазирлиги тан олинмаган республика мудофаа армияси қўшни Эрон ҳудудида Озарбайжон ҳаво кучлари вертолётини уриб туширгани ҳақида хабар берди. Ушбу хабар расмий Боку томонидан рад этилди. Кейинчалик, Арманистон ҳарбий бўлими бошқа уриб туширилган вертолёт ва самолётлар ҳақида маълумот берди. Кечга яқин Ереван Арманистон ҳаво ҳудудида тўртта разведкачи самолёт уриб туширилганини эълон қилди.
Жабрланганлар — ҳарбийлар, тинч аҳоли ва журналистлар
Иккала томонда ҳам ўлганлар ва ярадорлар сони икки мингдан ошди. Тоғли Қорабоғ республикаси Омбудсмани идорасида вафот этганлар 7 нафар тинч аҳоли, шу жумладан уларнинг орасида вояга етмаган бола ҳам борлиги таъкидланди. Шунингдек, 30 дан ортиқ одам оғир жароҳат олган. Уларнинг орасида 3 нафар бола ҳам бор.
Озарбайжон президенти Илҳом Алиев армия қўмондонлигига Арманистон аҳолисига қарши куч ишлатмаслик ҳақида кўрсатма берилганини таъкидлади. Бироқ Озарбайжон қуролли кучлари тинч маҳаллаларни ўққа тутишда давом этаётганлиги айтилмоқда.
Ўз навбатида, Озарбайжон бош прокуратураси жангларда 16 фуқаро ҳалок бўлганлиги тўғрисида хабар берди. Жабрланганлар 55 нафарни ташкил этади. Бўлим маълумотларига кўра, артиллерия 163 та уйга зарар этказган. Шуинингдек, ушбу тўқнашувларда журналистларга ҳам зарар етган. Хусусан, «Арманистон» телеканалининг оператори ва 24news’нинг Арманистон нашри мухбири жароҳат олган. Франциянинг Le Monde газетасининг икки журналисти ўққа тутилган. Улардан бири оғир аҳволда ва Степанакертда операция қилинмоқда.
Бокуда жароҳат олган журналистлар учун жавобгарлик Ереванга юклатилди. Озарбайжон Ташқи ишлар вазирлиги Арманистон тан олинмаган Тоғли Қорабоғ республикасига хорижий мухбирларнинг ташрифларини ташкиллаштириш орқали уларнинг ҳаётига хавф солганини ва халқаро гуманитар ҳуқуқни бузганини таъкидлади. «Чегара билмас мухбирлар» халқаро ташкилоти Бокудан тан олинмаган республикада журналистларнинг шикастланиш ҳолатларини текширишни талаб қилди.
Боку ва Ереван ўзаро бир-бирларини айблашмоқда
Анъанага кўра, Қорабоғ можаросининг кучайиши Арманистон ва Озарбайжоннинг ички сиёсий ҳолати билан боғлиқ. Илҳом Алиевнинг таъкидлашича, бу режалаштирилган ҳарбий провокация. Унинг сўзларига кўра, Арманистон бош вазири эътиборни мамлакатдаги муаммолардан чалғитмоқчи.
Никол Пашинян операция Озарбайжон ва Туркиянинг ҳарбий машғулотлари пайтида режалаштирилган деб ҳисоблайди. Ҳарбий операцияларни эса юқори мартабали туркиялик ҳарбийлар бошқаради. Ереван буни арман халқига қарши эълон қилинган уруш сифатида қабул қилмоқда. «Музокаралар зўравонлик тугагандан кейингина ўтказилиши мумкин», — дея таъкидлайди Пашинян.
Арманистон ЭХҲТнинг Минск гуруҳи давлатлари воситачилиги билан Қорабоғда ўт очишни тўхтатиш бўйича музокараларни бошлашга тайёр. Боку эса айрим мамлакатларнинг келишувга чақирувларини бемаъни деб атади. Алиевнинг сўзларига кўра, агар халқаро ҳамжамият Арманистон ҳукуматини Қорабоғдаги қўшинларни олиб чиқишга мажбур қила олмаса, «Озарбайжон аскарлари уларни тўхтатади ва ўз ҳудудларидан олиб чиқади, адолат ғолиб чиқади».
Ўт очишни тўхтатиш учун чақириқлар ва илтимослар
Арманистон президенти огоҳлантирганидек, Кавказ минтақаси Тоғли Қорабоғдаги вазиятнинг кескинлашиши сабабли катта муаммога айланади. «Тасаввур қиляпсизми, Кавказ яна бир Сурияга айланадими?» — деди Пашинян.
Европа Иттифоқи том маънода жанговар ҳаракатларни дарҳол тўхтатишни илтимос қилди.
«Мен кўплаб одамларнинг тинчликпарварлик ҳаракатлари қурбонига айлангани учун қайғураман. Ҳеч қандай сиёсий мулоҳазалар ушбу аёллар, эркаклар ва болаларнинг даҳшати ва азобланишини оқлай олмайди», — деди Европа Иттифоқи Бош котиби Мария Пеичинович-Бурич.
Беларусь президенти Александр Лукашенко 1 октябрь куни Арманистон ва Озарбайжон президентлари билан телефон орқали суҳбатлашди. Кейинчалик Россия, АҚШ ва Франция раҳбарлари Тоғли Қорабоғда зўравонлик авж олишини қатъиян қораловчи қўшма баёнот билан чиқдилар. «Шунингдек, биз Арманистон ва Озарбайжон раҳбарларини зудлик билан виждонан ва ЭХҲТ Минск гуруҳи ҳамраислари кўмагида келишув моҳияти бўйича музокараларни тиклаш учун шартлар қўймасдан мажбуриятларни ўз зиммаларига олишга чақирамиз», дейилади ҳужжатда.
Бироқ Туркия президенти ЭХҲТнинг чақирувларини «қабул қилинмайдиган» деб ҳисоблади. Унинг сўзларига кўра, улар Арманистондан Тоғли Қорабоғнинг босиб олинган ҳудудларидан чиқиб кетишни талаб қилишлари керак.
Учинчи томон
Туркия жанговар ҳаракатларни давом эттиришни талаб қиладиган ягона давлатдир. Анқара илгари ушбу тўқнашувда Озарбайжон томонида ҳаракат қилган, аммо тўғридан-тўғри ҳарбий аралашув ҳақида гап бўлмаган — улар Коллектив Хавфсизлик Шартномаси Ташкилоти (КХШТ) доирасида Ереван ва Москва ўртасидаги иттифоқчилик муносабатларини тўхтатиб турган. Бироқ, бу сафар Анқара Бокуга нафақат сўзлар билан ёрдам беришга тайёр. «Биз ҳар доим Озарбайжонга яқин бўлганмиз — ҳам жанг майдонида, ҳам музокаралар столида», — деди Туркия ташқи ишлар вазири Мевлут Чавушўғли.
Россия президентининг матбуот котиби Дмитрий Песков бунга изоҳ бериб, «оловга ёғ сепмасликка» чақирди. Бироқ эртаси куни Чавушўғли яна шу фикрни такрорлади. Бундан ташқари, унинг сўзларига кўра, Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон Владимир Путинга Тоғли Қорабоғ можаросини ҳал қилиш режасини «Суриядаги биргаликдаги иш мисолида» таклиф қилган, аммо Россия президенти бу таклифни рад этган.
«Тоғли Қорабоғдаги можарода томонлардан бирини ҳарбий қўллаб-қувватлаш мумкинлиги ҳақидаги гап-сўзлар провокациядир. Учинчи мамлакатларнинг ушбу қарама-қаршиликда иштирок этиши ҳам ўта салбий оқибатларга олиб келиши мумкин», — дея хулоса қилди Россия президенти матбуот котиби.
Ўз навбатида, Боку ҳудудий яхлитликни таъминлаш учун ташқи кучларга эҳтиёж йўқлигини таъкидлади. Аммо, Арманистон Мудофаа вазирлигининг маълумотларига кўра, Туркиянинг F-16 самолётлари Тоғли Қорабоғга зарба бермоқда ва Озарбайжон авиацияси ҳаракатлари Карс-Эрзурум секторидаги E7-Т қўмондонлик пунктидан мувофиқлаштирилган. Булар Туркиянинг шарқида жойлашган шаҳарлардир.
«Айнан Туркия Тоғли Қорабоғдаги можарони қўзғатмоқда ва минтақавий ҳамда халқаро таъсирни оширишга интилмоқда», — деди Сурия президентининг маслаҳатчиси Буссеина Шаабан «RIA Novosti» билан суҳбатда.
Суриядан келган ёлланма аскарлар
«Москвада Ливия ва Суриядан ёлланма аскарларнинг Тоғли Қорабоғга кўчирилиши тўғрисида маълумот бор», дейилади Россия Ташқи ишлар вазирлиги хабарида. Шунингдек, Эммануэл Макрон Европа саммити бошланишидан олдин Францияда Суриядан жангарилар жанговар ҳаракатларда қатнашиш учун Қорабоғга боргани ҳақида маълумот борлигини таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, 300 га яқин суриялик жангарилар Туркиянинг Газиантеп шаҳридан Бокуга жойлаштирилган.
Россия Ташқи ишлар вазирлиги ёлланма аскарлар кимнинг ташаббуси билан ва ким томонидан жўнатилаётганига аниқлик киритмади. Аввалроқ Озарбайжон ва Арманистон бир-бирини жангариларни можаро зонасига юборишда айблаган эди. Арманистоннинг Россиядаги элчиси Вардан Тоғанян «тўрт мингга яқин жангари» Суриядан Тоғли Қорабоғ томон кўчирилганлигини таъкидлади. Илҳом Алиев эса буни рад этди ва Туркиянинг Озарбайжонга «фақат маънавий ёрдам» беришини маълум қилди.
Охирги келишув қандай яунланган?
Аввалги тўқнашувлар пайтида, 2016 йил апрель ойида, жанговар ҳаракатларнинг тўртинчи кунида сулҳ эълон қилинган. Низо ЭХҲТда, шунингдек Россия, Арманистон ва Озарбайжон президентлари ўртасида муҳокама қилинган.
Тан олинмаган Тоғли Қорабоғ республикаси мудофаа армиясининг тезкор бошқармаси бошлиғи полковник Виктор Арстамян Озарбайжон 18 та танк ва 300 дан ортиқ ҳарбий хизматчиларини йўқотгани ҳақида хабар берди. Озарбайжон Мудофаа вазирлиги 370 дан ортиқ аскар ва 12 та душман танки йўқ қилинган деб туриб олди. Тоғли Қорабоғ 20 жангчининг ўлимини тан олган, яна 26 киши бедарак йўқолган. Арманистон Мудофаа вазирлиги Арманистон томонида 78 киши ҳалок бўлганлигини маълум қилди. Озарбайжонда 31 ҳарбий хизматчи ҳалок бўлганлиги айтилган.
Санкт-Петербургда 2016 йил 20 июнь куни Россия, Арманистон ва Озарбайжон президентлари Тоғли Қорабоғ бўйича қўшма баёнот тўғрисида келишиб олдилар. Томонлар ЭХҲТ кузатувчилари сонини кўпайтиришга рози бўлдилар. Уч давлат раҳбарлари, шунингдек, «можарони сиёсий тартибга солиш бўйича музокараларда барқарор тараққиёт учун шарт-шароитлар яратишга содиқликларини» билдирдилар.