Шавкат Мирзиёев Тошкент металлургия заводининг очилиш маросимида иштирок этиб, нутқ сўзлади

Президент Шавкат Мирзиёев 4 декабрь куни пойтахтнинг Янгиҳаёт туманида барпо этилган Тошкент металлургия заводининг очилиш маросимида иштирок этди ва нутқ сўзлади. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар қилди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Хабарга кўра, ушбу мажмуа Ўзбекистон иқтисодиётида муҳим аҳамиятга эга бўлади. Чунки мамлакатда қора металлургия саноати ривожланмаган. Янги корхонада йилига 500 минг тонна рух ва полимер қопламали металл листлар ишлаб чиқарилади. Илгари бундай маҳсулотлар асосан четдан олиб келинган. Шавкат Мирзиёев бунга ҳисса қўшган лойиҳачи ва қурувчиларга, хорижий ҳамкорларга ташаккур изҳор этди.

«Биз инновацион иқтисодиётни шакллантириш, замонавий саноат, қулай сармоявий муҳитни яратиш, хорижий давлатлар ва етакчи компаниялар билан ҳамкорлик алоқаларини кенгайтиришга алоҳида эътибор бермоқдамиз. Бугун ҳар жиҳатдан ноёб бўлган Тошкент металлургия заводининг ишга туширилиши бу борадаги саъй-ҳаракатларимизнинг яна бир амалий намоёнидир», — деди Президент.

Фото: Президент матбуот хизмати

Таъкидланишича, бу заводда импорт ўрнини босувчи товарлар ишлаб чиқарилиб, иқтисодиётда маҳаллийлаштириш даражаси сезиларли ошади. Шунингдек, йилига 90 миллион долларлик маҳсулот экспорт қилиниши режалаштирилган. Мажмуада 700 га яқин киши иш билан таъминланади. Лекин турдош тармоқлар билан бирга 5 мингта янги иш ўрни яратилади.

Фото: Президент матбуот хизмати

«Тез орада янги корхона Бекободдаги металлургия комбинати билан яқин ҳамкорликда фаолият юритади. Бугунги кунда Бекободда қиймати 800 миллион доллар бўлган лойиҳа амалга оширилмоқда – 1 миллион тонна маҳсулот чиқариш қувватига эга қуюв-прокат мажмуаси барпо этиляпти. Унинг маҳсулотлари Тошкент металлургия заводи учун хомашё бўлади. Шунинг ўзи рух ва полимер қопламали листларнинг маҳаллийлаштириш даражасини 90 фоизга етказиш имконини беради.

Ҳаракатларимизнинг асосий мақсади яқин йилларда яхлит, ‘нолдан тайёр маҳсулотгача’ бўлган металл ишлаб чиқариш кластерини яратишдан иборат», – деди Шавкат Мирзиёев.

Фото: Президент матбуот хизмати

Маълумот учун, мазкур заводни барпо этиш 2017 йил февралда бошланган эди. Қурилиш ишларига 420 миллион доллар сарфланган.

Аввалроқ Шавкат Мирзиёев Тошкент шаҳри Чилонзор туманини ижтимоий-иқтисодий тараққий эттириш масалалари муҳокамаси юзасидан маҳалла раислари, ёшлар, мутасаддилар иштирокида йиғилиш ўтказгани ҳақида хабар берилганди. Шунингдек, Президент шошилинч тиббий ёрдам илмий марказидаги янги бино қурилиши билан танишгани ҳақида хабар берилганди.

Янгиликлар