«Бухорода коронавирус текшириладиган 3 та лаборатория фаолият юритмоқда» — Aшур Тўхтаев

Бухоро вилояти Санитария-эпидемиологик осойишталик маркази бош директори Aшур Тўхтаев вилоятда 3 та коронавирус текшириладиган лаборатория ишлаётганини маълум қилди. СЭОМ раҳбари бу ҳақда 4 август, сешанба куни ўтказилган брифингда айтиб ўтган.

Кадр: YouTube

Таъкидланишича, айни пайтда вилоят Санитария-эпидемиологик осойишталик марказида, ўта хавфли юқумли касалликлар марказида ҳамда ОИТСга қарши курашиш марказида лабораториялар фаолият юритмоқда. Ҳозирга қадар ушбу текширув муассасаларида 20 мингга яқин таҳлиллар ўтказилган.

Бир нарсани аҳолимизга тушунтирмоқчиман, ҳозир икки тартибда тест олинмоқда. Биринчиси — ПЗР усули, иккинчиси — ИФA тест. Бу иккаласининг фарқи нимада?

ПЗР усулида текширув ўтказилганда вирус томоққа тушган пайти анализ олинади, бу пайтда ҳали касалликнинг клиник белгилари шаклланмаган бўлади.

Тестнинг жавоби манфий чиқиши сизда коронавирус йўқ дегани эмас! Инсон организмида антитаналар 20—30 кун давомида пайдо бўлади, сиз топширган пайтингизда антитаналар шаклланмаган бўлади. Бу эса сиз вирусга чалинмадингиз дегани эмас. Тест манфий чиқди деб, касалликни оғирлаштириб юбориш мумкин.

Aшур Тўхтаев, Бухоро вилояти Санитария-эпидемиологик осойишталик маркази бош директори

Aввалроқ AҚШ Ўзбекистонга қиймати 902 минг долларга тенг тиббиёт воситалари ва лаборатория жиҳозларини ҳадя қилгани ҳақида хабар берилган эди. Таъкидланишича, тақдим этилган воситалар замонавий полимераз занжир реакцияси ускуналаридан фойдаланган ҳолда 25 000 та COVID-19 тестини ўтказишга имкон беради.