«Юксалиш» умуммиллий ҳаракати моддий ёрдам пулларининг тарқатилиши назоратга олинишини маълум қилди

«Юксалиш» умуммиллий ҳаракати эҳтиёжмандлар ва тез тиббий ёрдам ходимларига ажратилган пулларнинг тарқатилиши назоратга олинишини маълум қилди.

Хабар берилишича, ёрдам пулларига муҳтож оилалар рўйхати маҳаллалар кесимида тайёрланади. Рўйхат халқ депутатлари маҳаллий кенгашларида тасдиқланади. Маблағларни адолатли тақсимлашда маҳалла ва жамоатчилик назорати кучайтирилади. Ижтимоий ёрдамни мақсадли етказиб беришга нуронийлар ва фаоллар жалб этилади.

Шунингдек, тез тиббий ёрдам ходимлари учун ажратилган 200 миллиард сўм мукофот пуллари ортиқча қоғозбозликсиз, ўз вақтида тарқатилиши маълум қилинди.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Aлишер Усмонов Ўзбекистонга 100 миллиард сўм хайрия маблағи ажратди. Шунингдек, Ўзбекистонда тез тиббий ёрдам ходимларини рағбатлантириш учун 200 миллиард сўм ажратилган эди.