Фарғонада қиймати 442 млн доллардан ортиқ 43 та лойиҳа амалга оширилиши режалаштирилди

Фарғона вилояти ҳокимлигида 4 сентябрь куни ССЕСС раҳбарияти, ваколатли мутахассислар ва вилоят ҳокими Шуҳрат Ғаниев раҳбарлигидаги вилоят ишчи гуруҳи ўртасида онлайн тарздаги видеоконференция бўлиб ўтди. Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати хабар қилди.

Фото: Фарғона вилояти матбуот хизмати

Хабарга кўра, унда ҳар икки томон бундан буён ижтимоий инфратузилма тармоқларини ривожлантириш, кенгайтириш, замонавий жиҳоз ва қурилмалар билан таъминлаш каби масалаларда ўзаро фикр алмашди. Шу нарса таъкидландики, агар томонлар келишув шартларини маъқулласалар ижтимоий хизмат кўрсатишнинг кенг йўналишлари бўлган кредитлаш ёки давлат шерикчилиги усулида хамкорликни йўлга қўяди.

Фото: Фарғона вилояти матбуот хизмати

Таъкидланишича, вилоятда ҳозирги кунда қиймати 442,3 миллион доллар бўлган 43 та лойиҳа амалга ошириляпти. ССЕСС компанияси — уларнинг бири.

Фарғона вилояти ҳокими Шуҳрат Ғаниев хитойлик сармоядорларга Ўзбекистондаги инвестицион муҳит, имтиёз ва қулайликлар, вилоятнинг иқтисодий қувватлари ҳақида маълумот берди.

Фото: Фарғона вилояти матбуот хизмати

Қайд этилишича, ССЕСС Евроосиё департаменти директори Янг Ю Ян компанияга билдирилган ишонч ва ҳурмат учун миннатдорчилик, тез орада ўзаро хамкорликнинг амалий босқичини йўлга қўйишга умидворлик билдирди.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда Хитой халқ табобати маркази очилиши ҳамда Бўстонда 432 миллиард сўмлик инвестиция лойиҳалари амалга ошириш натижасида мингдан ортиқ иш ўрни яратилиши ҳақда хабар қилинганди.

Янгиликлар