Қозон шаҳридан 700 га яқин ўзбекистонлик ватанга олиб келинади

Россиянинг Қозон шаҳридан 700 га яқин ўзбекистонлик ватанга олиб келинади. Бу ҳақда Транспорт вазирлиги ахборот хизмати хабар берди.

Фото: Транспорт вазирлиги ахборот хизмати

Маълум қилинишича, Транспорт вазирлиги ҳузуридаги «Узаутотранс сервиc» корхонаси томонидан 26-сентябрь куни 15 та автобусдан иборат карвон Россиядан Ўзбекистон фуқароларини олиб келиш мақсадида йўлга чиққан.

Таъкидланишича, мазкур автобуслар Қозон шаҳридан 700 га яқин мамлакат фуқароларини олиб қайтмоқда. Автобуслар карвони 6 октябрь куни Ўзбекистонга кириб келиши режалаштирилган.

Маълумот учун, 27 сентябрь куни Самара вилоятидан илк 15 та автобусдан иборат карвон ўзбекистонликларни мамлакатига қайтарган.

Бундан аввал, Россиядан 746 нафар ўзбекистонлик махсус поезд рейси орқали олиб келингани ва Москвадан 442 нафар ўзбекистонлик чартер рейс орқали ватанга қайтарилгани маълум қилинган эди. Сўнгра, Самарадан 700 нафардан ортиқ Ўзбекистон фуқароси ватанга қайтарилгани ҳамда ТИВ Абхазиядан 400 га яқин ўзбекистонликни олиб келиш бўйича маълумот берилгани ҳақида хабар берилган эди.

Янгиликлар