Чотқол ва Қурама тоғ тизмаларида тош даврига оид ноёб ёдгорликлар топилди — фото

Чотқол ва Қурама тоғ тизмалари ёнбағирларида олиб борилган илмий изланишлар натижасида тош даврига оид янги археологик топилмалар аниқланди. Бу ҳақда Фанлар академияси матбуот хизмати хабар берди.

Фото: Фанлар академияси матбуот хизмати

Маълум қилинишича, 2020 йилнинг октябрь ойида Ўзбекистон Фанлар академияси Миллий археология маркази ҳамда Ангрен шаҳар музейи ходимлари томонидан Чотқол ва Қурама тоғ тизмалари ёнбағирларида илмий изланишлар олиб борилган.

Тадқиқотлар натижасида Ангрен воҳаси Янгиободсой ва Қорабоғсой ирмоқлари юқори оқими ҳудудларида 2 та тош даври устахонаси, 2 та манзилгоҳ, қабр-қўрғонлар комплекси ва қоятош суратлари аниқланди.

Топилмалар ичида Ўзбекистон палеолитида олдин учрамаган ноёблари ҳам бор. Хусусан, тошдан ясалган тумор биргина Ўзбекистон учун эмас, балки жаҳон палеолитшунослигида ҳам ноёб ҳисобланади.

Фото: Фанлар академияси матбуот хизмати

Хабарда тош даври устахоналаридан чиққан топилмаларнинг даврий чегараси ўрта палеолитдан бошланиб сўнгги палеолитнинг охирларигача давом этгани таъкидланган.

Топилган ёдгорликларнинг даврий санаси ер юзасидаги топилмалар асосида чиқарилган бўлиб, кейинги изланишлар масалага аниқлик киритиши мумкин.

Аниқланган манзилгоҳлардан бири устахона яқинида бўлиб, сўнгги палеолит даврига тегишлидир. Иккинчи манзилгоҳ тош даврининг сўнгги палеолит даври охирида бўлгани таҳмин қилинган.

Аниқланган қоятош суратлари ва қабр-қўрғонлар ушбу ҳудудларни турли тарихий даврларда инсонлар томонидан фаол ўзлаштирилганини кўрсатади.

Аввалроқ Варахша археология объектидан 100 дан ортиқ металл буюмлар топилгани ва Бухорода амир Музаффархондан қолган муҳр ва камарбандни ноқонуний сотмоқчи бўлган собиқ ИИБ ва Миллий гвардия ходимига жиноят иши қўзғатилгани хабар қилинган эди.