Қашқадарёда «ГАИ»лар фуқароларни онадан сўкканлиги айтилган хабарга муносабат билдирилди — видео

Ички ишлар вазирлиги Йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармаси Қашқадарё вилояти Ғузор туманида «ГАИ»лар фуқароларни онадан сўкканлиги айтилаётган хабарга муносабат билдирди.

Скрин: Видео

Маълум бўлишича, 2021 йил 5 январь куни ижтимоий тармоқларда «Қашқадарё Гаилари TikTok’ка ҳам биринчиликни даъво қилишаётганга ўхшайди» сарлавҳаси остидаги видео лавҳа тарқалган. Видео лавҳадаги ҳолат 5 январь куни соат 09:10 атрофида Қашқадарё вилояти Ғузор туманида содир бўлган. Унда бир неча фуқаролар автомашинага миниб, кетмочқи бўлиб турган йўл-патрул хизмати ходимлари билан ўзаро баҳслашишган.

Ушбу ҳолат юзасидан юрист ва блогер Баҳодир Аҳмедов Telegram каналида пост қолириб, Қашқадарё «ГАИ»ларига онадан сўкиш одатий ҳолми? Ўзини ҳурмат қилган одам бошқаларни ҳам ўзидек ғурурга эга деб билади ва бундай гаплар айтмайди, деб фикр билдирган. Шунингдек, ИИБ ходимларида ахлоқ қоидалари бўйича тушунтириш ўтилмай қўйилганми, дея савол қолдирган.

Бошқарма хабарига кўра, мазкур ҳолат юзасидан вилоят Ички ишлар бошқармаси йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси томонидан хизмат текшируви ўтказилмоқда. Текширув давомида хато ва камчиликка йўл қўйган ходимларга нисбатан қатъий жазо чоралари кўрилиши таъминланиб, текширув хулосаси бўйича қўшимча маълумот берилади.

Аввалроқ Қашқадарёда йўл патруль хизмати ходимининг машинаси ёниб кетгани ҳақида хабар берилганди. Шунингдек, Қашқадарёда 4 кишини ўлдирган эркак иши бўйича ИИБ масъулларига хизмат текшируви тайинланганди.