Сурхондарёда ИИБ ходимлари томонидан мажбуран олиб кетилган фуқаро иши бўйича маълумот берилди — видео

Сурхондарё вилояти Денов шаҳрида ички ишлар бўлими ходимлари томонидан мажбурлаб олиб кетилаётгани акс этган видео 24 декабрь куни ижтимоий тармоқларда тарқалди. Ички ишлар вазирлиги матбуот хизмати ҳолат юзасидан маълумот берди.

Фото: ИИВ матбуот хизмати

Хабар қилинишича, Ўзбекистон кўчасида яшовчи фуқаро И.А. 2019 йилнинг ноябрь ойида ўзига тегишли бўлмаган Намуна маҳалласида жойлашган 4 сотих ер майдонини алдов йўли билан фуқаро А.А.га 45 милиион сўмга сотган.

Бундан ташқари, фуқаро И.А. ушбу ер майдонини 2020 йилнинг июнь ойида фуқаро В.Х.га ҳам 49 миллион сўмга сотиб, пулларини ўзлаштирган.

Ушбу ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 168-моддаси 3-қисми «б» банди билан (Фирибгарлик) И.А.га нисбатан жиноят иши қўзғатилган.

Таъкидланишича, гумон қилинувчи И.А. бир неча маротаба расмий равишда терговга чақиртирилиб, органлари ходимларининг қонуний талабларини бажаришдан бош тортган. Тергов бошқармасининг мажбурий келтириш қарорига асосан, гумонланувчи И.А. мажбурий тартибда терговга олиб келинди.

Аввалроқ, Тошкентда ер майдонини 6,5 минг долларга пуллаётган мансабдор ушлангани ва Тошкентдан ер олиб бериш учун 352 минг доллари талаб қилган ҳокимият ходими қўлга олингани хабар қилинганд. Шунингдек, Янгийўлда раис маҳаллага тегишли ерни 10 минг долларга «пуллаган»и маълум қилинганди.