Тошкентда ер майдонини 6,5 минг долларга пуллаётган мансабдор ушланди

Тошкент шаҳри Олмазор туманида юқори лавозимда ишловчи танишлари орқали 0,5 сотих ер майдонини фуқаро номига расмийлаштириб бериш эвазига ундан 6 минг 500 доллар олган ширкат раҳбари қўлга олинди. Бу ҳақда Бош прокуратура ахборот хизмати «Tez News»га хабар қилди.

Фото: «Tez News»

Хабарга кўра, мазкур ҳолат Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Олмазор туман бўлими ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирда аниқланган. Маълум қилинишича, «Д-М.» ширкати раиси С.М. фуқаро Д.A.нинг ишончига кириб, унга юқори лавозимда ишловчи танишлари орқали 0,5 сотих ер майдонини унинг номига расмийлаштириб беришни ваъда қилган.

Бош прокуратуранинг хабар беришича, ширкат раиси С.М. бунинг эвазига Д.A.дан 6500 долларни фирибгарлик йўли билан олган вақтида ашёвий далил билан ушланган. Мазкур ҳолат юзасидан C.M.гa нисбатан Жиноят кодексининг 168-моддаси (Фирибгарлик) 3-қисми ва 28,211-моддаси (Пора бериш) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.

Аввалроқ Навоийда 500 миллион сўмдан ортиқ маблағни ўзлаштирган «СЭС» бош шифокори ва омбор мудири ҳибсга олингани, Наманганда СЭОМ ходими 40 миллион сўм пора билан қўлга тушгани ва Паркентда «СЭС» ходимларининг давлатга салкам 400 миллион сўмлик зарар етказганлиги маълум қилинганди.

Янгиликлар